Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори А.Инаков, Қўқон шаҳар ҳокими М.Усмонов, Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимда таъкидланганидек, «Мурувват» уйи таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Бу ерда 2000 йилдан буён ҳеч қандай таъмир ишлари амалга оширилмаган. Шу боис у Президентимизнинг 2018 йил 20 июндаги «Тиббий ижтимоий муассасалар моддий-техника базасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан 2020-2021 йилларда амалга ошириладиган қурилиш реконструкция дастурига киритилди.

Қурилиш-таъмирлаш ва пардозлаш жараёнларини вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва мутахассислари назорат қилиб борди. Икки қаватли, 80 ўринга мўлжалланган бинони бунёд этиш учун 4 миллиард 50 миллион сўм маблағ сарф этилди.

Бино турфа мебель, чойшаб, стол-стул, шкаф, музлатгич, кир ювиш машинаси, спорт анжомлари, совутиш-иситиш ускуналари билан жиҳозланди. Васийликка олинганларнинг соғлигини мунтазам текшириб бориш мақсадида физиотерапия асбоб-ускуналари, ультратовуш аппарати, оёқ учун массажёр, югуриш йўлакчаси харид қилинди.

«Мурувват» уйидагиларнинг қизиқишларига мувофиқ турли спорт тўгараклари ташкил этилди. Рассомлик, миллий чолғулар билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратилди.

Ушбу маскандаги реабилитация бўлимига қўшимча бино қурилиб, жами ўринлар сони 53 тага етказилди. 120 ўринли маданий тадбир ва йиғилишлар зали ва кирхона биноси қурилиши давом этмоқда.

Бундан ташқари шу йил охиригача «Мурувват» уйининг мавжуд 3 қаватли биноси капитал таъмирланади, ёзги дам олиш айвончаси қурилади, канализация тармоғи тўлиқ янгиланади, замонавий иситиш қозонхоналари ўрнатилади, муассаса ҳудуди асфальт қилинади ва кенг ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги матбуот хизмати