Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда Ер юзида бир миллиарддан зиёд имконияти чекланган фуқаро истиқомат қилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, айрим мамлакатларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига амал қилинмайди. Имконияти чекланган кишиларнинг ишга жойлашиши, таълим олиши билан боғлиқ муаммолар нафақат қашшоқ республикаларда, балки иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилаётгани сир эмас.
Мамлакатимизда эса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқи ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 январдан кучга кирган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунида қатор имтиёз ва имкониятлар назарда тутилди.
Жумладан, “ногиронлик белгиси бўйича камситиш”, “ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари”, “протез-ортопедия буюмлари”, “абилитация”, “сурдотаржима”, “сурдотехник воситалар”, “тифлотехник воситалар” каби янги тушунчалар ҳамда “ногирон” сўзи БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлар тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ “ногиронлиги бўлган шахс” сўзлари билан акс эттирилди.
Қонунга ногиронлиги бўлган шахсларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, шу жумладан, ногиронлик белгиларига нисбатан камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этиш ва қўшиш, таълим олиш ҳамда ишга жойлашишини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда иштирок этиши, дам олиш ва спорт билан шуғулланиши учун имконият яратиш, ногиронликни белгилаш тартибини такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш каби бошқа ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар киритилди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳамда давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этишини таъминлаш лозимлиги белгиланди. Замонавий протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида реабилитация қилиш индустриясини ривожлантириш давлатнинг доимий назоратида бўлиши ҳам мустаҳкамланди.
Мазкур қонун асосида давлат замонавий протез-ортопедия мосламаларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида реабилитация қилиш индустриясини ривожлантиришга кўмаклашади. Протез-ортопедия маҳсулотларининг ва реабилитация қилиш техник воситаларининг давлат реестри (рўйхати), бундай воситалар билан таъминлаш тартиби, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш учун тиббий кўрсатмалар ва қарши кўрсатмалар рўйхати белгиланган тартибда аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида “муҳтож аҳолини протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлашнинг амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказиб, фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имкониятини яратиш” топшириғи белгиланган. Давлат дастурига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича шу йил 1 июнгача протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш “сертификат” бериш тизимига ўтказилади.
Бу ҳам, ўз навбатида, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги қонунчиликда белгиланган фаолияти доирасида янада салмоқли, натижадорлиги юқори бўлган қатор вазифаларни бажариши кераклигини англатади. Шу боис, белгиланган топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисида"ги низомни тасдиқлаш ҳақида” Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Фуқароларга ўз танловига кўра, давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имконияти берилади. Бу орқали имконияти чекланган юртдошларимизнинг сарсон-саргардон бўлишининг олди олинади. Сифатли маҳсулот орқали уларнинг оғири енгил бўлади. Бу жараёнда муҳтож шахснинг танлаш имконияти, яъни фуқаролик ҳуқуқларига асосан хоҳлаган ишлаб чиқарувчидан олиши энг асосий вазифа қилиб олинган. Корхоналар тўғридаги электрон маълумотлар тўпламини алоҳида сайт орқали кўриш имконияти яратилади. Шунингдек, протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат муҳитининг юзага келиши, сифатли маҳсулотларга бўлган талабнинг ортиши, хорижий тажрибаларни мукаммал ўрганиш орқали юртимизда мазкур тизим бўйича етук малакали мутахассислар сафи кўпайишига кенг йўл очади.
2017–2020 йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш, яъни муҳтож шахсларга протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш бўйича мақсадли ишлар бажарилди. Ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш 47 мингтани ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан икки баробар кўпайди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган вазифалар инсонларнинг ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатини ўзгартиришга, уларнинг жамиятда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлашга, протез-ортопедия маҳсулотлари билан боғлиқ долзарб муаммолар бартараф этилишига хизмат қилади.
Ушбу йўналишда жойларда мавжуд бўлган муаммолар ўрганилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий реабилитация масалалари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилади. Ногиронлик муаммоларининг ечими борасида амалга оширилаётган ана шундай илмий изланишларни бюджет томонидан молиялаштирилиши борасида асосли таклифлар тайёрланади.
Қутлимурод ЧУРЕНОВ,
Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги
бўлим бошлиғи