Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ер участкасини сотиб олиш харажатларини қоплаш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг ёки уларнинг вакилларининг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш бўйича мурожаатлари:
- 2024 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар)лардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳлари орқали;
- 2024 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам қабул қилинади.
2024 йил 1 июнгача ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ бир марталик тўловни ЯИДХП орқали ажратиш жорий этилади.
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг “E-auksion” платформаси орқали сотиб олинган ер участкаси тўғрисидаги маълумотлари “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиниши йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга риоя этилиши юзасидан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатади.
Мазкур қарор билан тасдиқланган Низом талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахслар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.