Бу ернинг 6 сотихига Эркин аввалроқ оиласи учун уй-жой солганди. Орадан бироз вақт ўтгач у яна 6 сотих ерга қўшимча уй-жой қуришни бошлайди. Кадастр ҳужжати бўйича 24 сотих ернинг фақат 6 сотихига уй-жой қуришга рухсат берилган, қолган ер экин экишга ажратилган эди. Қурилиш ишлари бошлангач, қўшимча 6 сотих ерга бино қуришга рухсат йўқлиги бўйича Эркин огоҳлантирилиб, фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори ҳам чиқарилганди. Лекин у суд қарорини бажармай келди. Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ўтказган тадбир давомида Эркин Нуримбетов томонидан ноқонуний солинган қурилиш ўз ҳисобидан бузилди.
Шу ўринда айтиш лозимки, баъзи фуқаролар қонунни билмаслиги ёки уни айланиб ўтиш орқали шундай қонун бузилишларига қўл урмоқда. Бундай муаммоларни ҳал этиш, олдини олиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилган эди.
Бугунги кунда Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ерларни, хусусан, суғориладиган ерларни қўриқлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, бундай қурилишларга йўл қўймаслик, аниқланган ҳолатларни бекор қилиш бўйича огоҳлантириш ва кўрсатмалар бериш, тегишли тартибда маъмурий жарималар қўллаш, прокуратура ва суд органларига ўтказиш ишлари амалга ошириб келмоқда.
— Бошқармамиз томонидан олиб борилган ишлар натижасида 2021 йилда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилмалар қуриш бўйича 1345 та ҳолат аниқланди, — дейди Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ер ва кадастр назорати бўлими бошлиғи Аймурат Узақбаев. — Фуқаролар уй-жой қуриш мақсадида 11,4 гектар, нотурар-жой қуриш учун 7,5 гектар ва томорқа сифатида 292,3 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишган. Ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича ёзма кўрсатмалар берилиб, 305,5 гектар ер ҳокимият захирасига қайтарилди.
Шунингдек, 5,34 гектар майдонни аввалги ҳолатига келтириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилиб, 40 та ҳолат бўйича 1,5 миллиард сўм маъмурий жарималар қўлланилди. Бундан ташқари, 98 та ҳолат бўйича суд жараёни давом этмоқда. 21 та ҳолатда суғориладиган ерлардаги ноқонуний қурилмалар бўйича материаллар прокуратура органларига ўтказилди.
— Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтган йили юридик шахсларга нисбатан 124 миллион 200 минг сўм, жисмоний шахсларга нисбатан 2 миллиард 996 миллион 988 минг сўм, жами 3618 та ҳолат бўйича 3 миллиард 121 миллион 188 минг сўм жарима қўлланилди, — дейди бошқарманинг бош юристи Азат Ишанов. — Бошқача айтганда, 3557 та ҳолатда ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаган, 1 та ҳолатда ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, 38 та ҳолатда ноқонуний қурилма қурилган ва яна 1 та ҳолатда ижарага берилган ер майдонига бошқа шахс томонидан ноқонуний бино бунёд этилган.
Афсуски, жорий йилда ҳам бундай ҳолатлар давом этмоқда. Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан 2022 йилнинг шу кунига қадар 266 та ҳолатда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилмалар қуриш аниқланди. Масалан, Беруний туманининг Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Фурқат Казаков танишлари ёрдамида туман ҳокимлигининг захира ер майдонидан ўзига ер участкаси сотиб олиб, иморат тиклади. Қинғир иш вақти келиб, фош бўлиши аниқ. Кадастр агентлиги вакиллари текширганда, уй-жой ноқонуний қурилгани маълум бўлди. Ўрганиш давомида аниқланишича, ер участкасини сотиб олишда мутасадди ташкилот вакиллари ҳам аралашган ва улар Фурқат Казаков сингари яна 28 фуқарога қалбаки ҳужжатлар асосида ер сотган.
Афсуски, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан ноқонуний ҳаракатлар давом этмоқда. Мисол учун, уй-жой қуриш мақсадида 40 та ҳолатда, нотурар жой қуриш учун 100 та ҳолатда, томорқа сифатида 120 та ҳолатда қонун четлаб ўтилган. Аниқланган 260 ҳолатнинг барчаси бўйича ёзма кўрсатмалар берилиб, 13,7 гектар ер майдонидаги қонунбузилишлар бартараф этилди. 17 та ҳолатдаги ўзбошимчалик билан эгалланган ва ноқонуний бунёд этилган қурилмалар бўйича судларга даъво аризалар киритилди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг бюрократик тўсиқларга учраш ҳолатлари ҳам учраб турибди. 2021 йилнинг январь ойида Кегейли туманидаги «Аср ХХI” фермер хўжалиги раҳбари Ботир Шукуруллаев тендер танловида ғолиб чиқиб, ер майдони эгаси бўлади. Аммо ҳокимиятдаги айрим мансабдор шахслар ҳоким қарорини чиқартирмасдан, фермерни овора қилади. Агентликнинг аралашуви туфайли суд қарори билан ҳокимиятга муаммони ҳал этиш мажбурияти юклатилди ва йўл қўйилган камчиликлар бўйича мутасаддиларга интизомий чора кўриш бўйича ажрим чиқарилди.
Албатта, ер бу бизнинг асосий бойлигимиз. Лекин баъзи қишлоқ жойлардаги фуқаролар деҳқончилик қилиб ўтирган жойини бобомдан, отамдан қолган шахсий мулк деб ҳисоблайди. Айримлар ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ерларни эгаллаб олади. Шунингдек, ўрганишлар натижасида баъзи «давлат ташкилотлари вакиллари» томонидан қалбаки ҳужжатлар асосида ерларни сотиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.
Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимларининг асосий вазифаси бундай ҳолатларнинг олдини олиш, ер олди-сотдиси билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат инсон омилисиз электрон аукционлар орқали амалга оширилишини таъминлашдан иборат.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири