Мажлисда сенатор ва экспертлар, мутахассислар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссия раислари, Ёшлар парламенти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб янги таҳрирдаги «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун муҳокама этилиб, сенаторлар томонидан Қонуннинг мақсади, вазифалари ҳамда қўлланилиш соҳаси янада кенгайтирилганлиги, ўзбошимчаликни ҳамда ваколатнинг суиистеъмол қилинишини тақиқлаш, ҳуқуқни қўллашни рад этишга йўл қўймаслиги каби янги принциплар билан тўлдирилганлиги эътироф этилди.
Қонуннинг қўлланилиши соҳаси кенгайтирилиб, унинг пенсия таъминоти, солиқ, божхона, давлат назорати, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш соҳаларига татбиқ этилиши аниқ белгиланиши таъкидланди.
Ушбу янги таҳрирдаги Қонуннинг кучга кириши натижасида оддий фуқароларга бир қатор енгилликлар яратилиши таъкидланди. Хусусан, «умумий вакил» институти, яъни битта мурожаат бўйича 50 ва ундан ортиқ фуқаро иштирок этаётган бўлса, улар томонидан умумий 1 та вакил тайинланиши белгиланади. Шунингдек, маъмурий иш чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида барча жараёнлар битта мажлисда кўриш чоралари ҳам назарда тутиляпти.
Қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилиш механизмлари ўзгариб, оммавий хабардор қилиш тушунчаси киритиляпти. Шу билан бирга иш юритишни тўхтатиб туриши шарт бўлган аниқ ҳолатлар, судгача кўриб чиқиш тартиби, мансабдор томонидан ноқонуний маъмурий актлар қабул қилинса моддий жавобгарлик ҳам белгиланган.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам муҳокама қилинди. Қонун билан «Жиноят Кодекси», «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекси ҳамда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунларга ўзгаришлар киритиляпти ва улар юзасидан тадбир иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари муҳокама этилди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, моддий маданий мерос объектлари муҳофазаси бўйича жавобгарликни белгилаш ўта муҳим масалалардан ҳисобланиб, Жиноят кодексининг тегишли (168 ва 169) моддаларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиланиши қўллаб-қувватланди.
Қонун билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси таъминланишига, халқимизга хос бўлган миллий ва умуминсоний қадриятлар, муқаддас қадамжоларимизнинг муносиб сақланишига ҳамда маданий мерос ёдгорликларга ҳурматсизлик ёки уларни таҳқирлаш билан муносабатда бўлиш ҳолатларининг олди олинишига ҳамда электрон пул маблағларини, пластик картасидан пул маблағини талон-торож қилиш каби ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларини олдини олишга эришилади.
Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли хулосалар тасдиқланиб, Сенат Кенгашига тақдим этиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.