Тадбирда ушбу тамаки маҳсулотлари – 228 минг 144 қути сигаретлар журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида ёқиб юборилди.
Шундан сўнг журналистлар ва блогерлар учун брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда сўз олганлар 2022 йили божхона органлари томонидан 338 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 19,8 миллиард сўмлик 1 миллион 619 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилганини маълум қилди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 85 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 253 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилган.
Жорий йилнинг 6 ойида божхона органлари томонидан 155 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 37,5 миллиард сўмлик 1 миллион 610 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган ҳамда бундай ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 53 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 90 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилган.
Бундан ташқари ноқонуний сигарет маҳсулотлари билан боғлиқ 12 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари божхона органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
2022 йилда ноқонуний муомаладан олинган 1 миллион қутидан ортиқ, 2023 йилнинг ўтган даврида эса 100 минг қутидан зиёд сигарет товарлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Таҳлилларга кўра, республикамиз ҳудудига тамаки маҳсулотлари асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ноқонуний тарзда олиб киришга уринилмоқда.
Ички ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, аниқланаётган энг кўп ноқонуний сигарет маҳсулотлари Наманган, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган сигаретларнинг асосий қисмини «Милано», «Эссе», «Монд», «Кавалло», «Парламент», «Неетс», «Марлборо» каби сигаретлар ташкил қилмоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1861-моддасида тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритганлик учун, 182-моддасида эса Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан тамаки маҳсулотларини жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.