Мамлакатимизга сифати кафолатланмаган ҳамда хавфлилик даражаси юқори бўлган пиротехника воситаларини ноқонуний олиб кириш ва сақлашга қарши божхона органлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тизимли равишда курашмоқда.

Фарғона вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида “Водил-Олтиариқ” йўналишида ҳаракатланиб келган фуқаро З.М. бошқарувидаги “Орландо” русумли автотранспорт воситаси Олтиариқ тумани ҳудудида тўхтаб турган вақтда белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 30 миллион сўмлик 3 турдаги жами 384 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат. Бошқарманинг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ДХХ чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида Данғара туманида яшовчи фуқаро А.И.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 20 миллион сўмлик жами 105 600 дона “Трения” номли пиротехника воситаси борлиги  аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарида.