Хусусан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ҳам нореал қарздорлик билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи Й. А. ўз мурожаатида 860 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги сабабли хонадони табиий газ таъминотидан узиб қўйилгани, истеъмолчи бир неча маротаба мутасаддиларга мурожаат қилган бўлса-да, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини қайд этган.
Яна бир мурожаатчи — тўрақўрғонлик Н. А.нинг хонадонига туман газ таъминоти корхонасидан табиий газ учун 907 минг сўм қарздорлик борлиги ҳақида маълумот келган. Фуқаро эса бундан норози бўлган. Боиси, ҳар ой газ ҳақини ўз вақтида тўлаб келган. Истеъмолчи туман газ таъминотига қатнайвериб ковуши емирилган.
Шунингдек, Элликқалъа тумани Махтумқули кўчасида ижарада турувчи фуқаро А. Н.дан мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатда ҳам истеъмолчига газ таъминоти корхонаси томонидан 2 миллион 800 минг сўм нореал қарздорлик бўйича маълумот келгани қайд этилган. Мурожаат ўрганилганда истеъмолчининг 630 минг сўм қарзи борлиги, 2 миллион 170 минг сўм ортиқча ҳисоблангани аниқланди.
Бундан ташқари, Дўстлик туманида яшовчи фуқаро М. А. томонидан ҳам худди шу мазмундаги мурожаат келиб тушади. Унга кўра истеъмолчига 2 миллион 572 минг сўм қарздорлиги тўғрисида нотўғри хабар келган.
Мазкур мурожаатлар ўрганилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 6 миллион 500 минг сўм маблағ ундириб берилишига эришилди, дея хабр беряпти федерация матбуот хизмати.