Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион доллар бўлиб, тўлиғича хорижий инвестиция ҳисобланади. Россиялик инвестор бу ерда болалар кийимлари, эркаклар ва аёллар халати, шортик ва футболкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.
Тайёрланган маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилади ва Россия, МДҲ мамлакатлари ҳамда Европа давлатларидаги истеъмолчиларга юборилади. Йиллик қувват эса 2 миллион долларни ташкил этади.
Mir Citi раҳбари Фотима Мирсаидованинг айтишича, корхона жорий йил охиригача фаолиятини бошлайди ва биринчи босқичда 60 киши иш билан таъминланади. Иккинчи босқичда бу кўрсаткич 150, якунда эса жами 200 ишчи-ходимга етади. Улар асосан маҳаллий аҳоли, хусусан, “темир дафтар”га киритилган оилалар вакилларидан иборат бўлиши кўзда тутилган.
—Тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига барпо этилаётган бундай корхоналар чет эллик тадбиркорларнинг мамлакатимиз, хусусан, Наманган вилоятидаги бизнес-муҳитга ишонч билдираётганидан далолат беради. Бу ишончни оқлаш ва улар сармоя киритаётган корхоналарнинг тўла-тўкис ишлаб кетишига кўмаклашиш керак. Шунда уларнинг ортидан бошқа инвесторлар ҳам вилоятга кириб келиши учун зарур шарт-шароитлар яратган бўламиз, — деди вилоят ҳокими.