Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, иқтисодий ва инвестицион соҳалар масъуллари қирғизистонликларга ҳамроҳлик қилдилар.

Дастлаб меҳмонлар Фарғона туманидаги “Vodiy Shoes” пойабзал ишлаб чиқариш ва «Баҳодир Лоғон» пахта-тўқимачилик кластерига қарашли ип-калава ва мато ишлаб чиқариш корхоналаридаги иш жараёнини кўздан кечиришди. Кластер раҳбари Мўминжон Йўлдошев Қирғизистон делегацияси аъзоларини ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан таништириб, корхоналарнинг техник имкониятлари ҳақида маълумот берди.

«Баҳодир Лоғон» кластери ҳамда Норин вилоятининг Атбаши тумани ўртасида ушбу туман ҳудудида картошка етиштириш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш бўйича катта ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Етиштириладиган картошка Ўзбекистонга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Бу ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда ташкил этилган кластер тизими Қирғизистонда ҳам йўлга қўйилади. Кластер томонидан туман аҳолиси ҳамда фермерлар шартнома асосида техника, минерал ўғит, уруғлик картошка, маош билан таъминланади. Бугун ушбу келишув асосида Норин вилоятига «Баҳодир Лоғон» кластерига қарашли ўнта трактор жўнатилди.

Норин вилояти вакиллари Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятида бўлиб, ишлаб чиқарилаётган халқаро стандартларга мос шиша ва ойна маҳсулотлари билан танишишди, лойиҳа қиймати 70 миллион доллар бўлган ва ишга тушиш арафасида бўлган янги лист ойнаси ишлаб чиқариш линиясини ўрганишди.

Тошлоқ туманида 1 гектар майдонда жойлашган “Диамонд Фрутс” МЧЖ лимончилик комплексида амалга оширилаётган ишлар ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Қирғизистонлик меҳмонлар Марғилон шаҳрида ҳам бўлиб, “Ҳунармандлар маркази” билан танишишди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган, 600 нафар уста фаолият кўрсатиб келаётган ва 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ушбу марказ фаолияти меҳмонларнинг эътиборини тортди.

Марғилондаги “Golden Valley Fasteners” корхонасидаги замонавий болт, гайка ва бурама мих ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам Қирғизистон делегацияси вакиллари томонидан ўзаро ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида қабул қилинди.