Шарқ мутафаккирларининг таълим-тарбияга оид асарлари ҳам ана шу мероснинг туб негизини ташкил этади. Лекин, маълум бир даврларда халқимиз бу дурдона асарлардан, ундаги одоб-ахлоққа оид фикрлардан етарлича фойдалана олмайди.
Мустақиллик туфайли халқимиз дунёга юз тутди ва жаҳон бизни таниди. Биз тарихимизга, маданиятимизга янгича назар билан қарай бошладик ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммоларни ижобий ҳал қилишга киришдик.
Барча соҳалар сингари она тилимиз ва у билан боғлиқ муаммолар ҳам аста-секин ечимини топмоқда. Хусусан, нутқ маданиятига доир масалаларни ҳал қилишда тилшунос олимларимизнинг меҳнатлари, изланишлари таҳсинга лойиқдир.
Нутқ маданияти жамият маданий тараққиёти, миллат маънавий камолотининг муҳим белгисидир. Мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилинган бугунги кунда нутқ маданияти масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги, «Таълим тўғрисида»ги Қонунлари ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» ҳамда бошқа ҳужжатларда маънавий-маърифий тарбияга, тил масалаларига алоҳида эътибор берилган. Ҳар бир кадр, энг аввало, ўз она тилининг чинакам соҳиби бўлмоғи лозим.
Юсуф НАСУЛЛАЕВ,
Вобкент тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар
самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига
риоя этилишини таъминлаш
масалалари бўйича маслаҳатчиси