Тезлиги меъёридан оширган ҳолда бошқариб келинаётган «Ласетти» қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган вақтида қаршисидан келаётган «Кобальт» русумли автомобиль билан тўқнаш содир этган.

Аниқланишича, «Ласетти» ҳайдовчиси ўзидан олдинда бўлган транспорт воситасини қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиққан ва шу пайти қаршисидан келаётган «Кобальт» русумли автомобиль билан тўқнашган.

Натижада, «Ласетти» автомашинасининг 33 ёшли ҳайдовчиси ва «Кобальт»нинг 30 ёшли йўловчиси оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, «Кобальт» автомашинасининг яна бир 31 ёшли йўловчиси тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Бойсун тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.