Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ)нинг Ўзбекистонда автомобиль бозоридаги фаоллик бўйича таҳлилида айтилади.
Ҳудудлар кесимида барча енгил автомобиллар савдоси ўсиш суръати бўйича Тошкент шаҳри (+33,7%) ва Қорақалпоғистон Республикаси (+8%) етакчилик қилди.
Бирламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси йиллик ҳисобда 15 фоизга ошди, бу ўтган йилнинг ноябрь ойига нисбатан тахминан 4,4 минг донага кўпдир.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сегментида реализация ҳажми тахминан 30 минг донани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 13,6 фоизга ўсди. Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси эса 5 минг донага яқин бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,5 фоизга юқори қайд этилди.
Иккиламчи автомобиль бозорида ноябрь ойида тахминан 52 мингта фойдаланилган енгил автомобил реализация қилинди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кам.
Шу билан бирга, пойтахтда фойдаланилган автомобиллар савдоси 1,4 баробарга ошди ва ўтган йил ноябрига нисбатан 3,4 мингтага кўп автомобил сотилди. Бундан ташқари, иккиламчи бозорда электромобиллар реализацияси йиллик ҳисобда 1,8 баробарга ўсди.