Унда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев,  Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов, мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси бош котиби Гаянэ Умерова,  хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги  элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим”, деган сўзлари ҳар бир иштирокчини айни жараёндаги лойиҳалар ва мавзулар муҳокамасида фаол бўлишга ундади.

ЮНЕСКО Бош директорининг маданият масалалари бўйича муовини Эрнесто Оттоненинг мазкур халқаро конгресс иштирокчилари ва меҳмонларига табригида шундай сўзлар бор:

“Ўзбекистоннинг маданий бойлиги мамлакат келажагини қуришда муҳим пойдевор бўлади. Маданият инсонга тенглик ва ўхшашлик ҳиссини беради ва жамиятлар орасида ўзаро мойиллик уйғотади. Шу билан бирга, маданий мерос ва ижод, иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш орқали қашшоқлик кўламини камайтиришда ҳам муҳим роль ўйнайди”.

Конгрессда расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан 300 дан зиёд, шунингдек, 1000 га яқин маҳаллий таниқли олимлар, юртдошларимиз иштирок этди.

— Пандемия ойларида биз анчагина маълумотлар йиғиб олишга муяссар бўлдик, — дейди Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов. — “Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида”, “Суғдиёна — Буюк Ипак йўлининг юраги” мавзуларидаги тўпламларнинг назорат нусхаларини ҳам ҳозирлашга улгурдик. Сўнгги нашрни босмага тайёрлашда Россия, Хитой, Ўзбекистон, Италия олимлари иштирок этди. Мамлакатимизнинг Буюк Британия ва Италиядаги элчихоналари кўмагида Лондоннинг Виктория ва Альберт музейи ҳамда Римнинг Жаҳон цивилизациялари музейи вакиллари билан видеомаслаҳатлар ўтказилди. Бу каби алоқалар ҳамкорликдаги фаолиятнинг умумий стратегиясини ишлаб чиқишга ёрдам беради, албатта.

Ҳафталик доирасида жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича 2025 йилгача олиб борадиган ишларининг “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш режалаштирилган. Шунингдек, мамлакатимиз музейлари ва кутубхоналарига “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси китоб-альбомлари ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимилеларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтади.

— Минг йиллар давомида Ўзбекистон жаҳон тамаддуни бешикларидан бири бўлиб келган, — дейди Ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганиш маркази бош директори Халит Эрен. — Бу ерда шаҳарлар тарихидаги энг кўҳна аҳоли пунктлари ҳамда йирик савдо ва сайёҳлик йўналишларининг чорраҳалари мавжуд. Тарихдан биламизки, Ўзбекистон ислом цивилизациясига улкан илмий ва фалсафий ҳисса қўшган давлат. Кўҳна қўлёзмалар ва китобларни варақлаганимизда, экспонатлар ва эпиграфикали меъморий ёдгорликларни кўздан кечирганимизда айни ҳақиқат акс этиб туради. Ушбу мерос хазиналари ҳамиша халқаро ҳамжамият ва айниқса, мусулмон дунёсининг илмий қизиқишларига сабаб бўлиб келган. Шу билан бирга, бу ноёб хазина академик тадқиқотлар ва халқаро алоқалар учун мавзулар беради. Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги мазкур йўналишга ҳисса қўшувчи таҳсинга сазовор ташаббусдир.

Конгрессда мамлакатимиз маданий-тарихий меросига бағишланган тақдимотлар ва маърузалардан ташқари, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги 35 та ноёб китоб-альбомларнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Китоблар, турли даврларга оид ва дунёнинг турли мамлакатлари тўпламларида, жумладан, Чехия, Ҳиндистон, АҚШ, Канада, Италия, Туркия, Польша, Буюк Британия, Япония музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон санъат асарларининг ранг-баранг уйғунлигини ўзида акс эттиради. Улар орасидаги бир нечта жилдлар мамлакатимиздаги Давлат тарихи музейи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган нодир асарларга бағишланган.

Шукуҳли тадбирнинг кечки дастуридан ўрин олган “Миллий либослар — янги Ренессанс дурдонаси” номли модалар кўргазмасининг очилиш маросими ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Уч кун мобайнида пойтахтимизда маҳаллий ёш дизайнерларнинг муаллифлик дефилеси ўтказилади ва улардан энг яхшилари Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг махсус совринлари билан тақдирланади.

Ажойиб намойишлар ва муҳокамалар ҳақида Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси бошқаруви раиси Холида Комилова шундай фикр билдирди:

— Кўргазма миллий ўзбек либосини профессионал даражада ўрганишнинг кўп йиллик натижаларини намойиш этади. Бу жараёнга турли соҳа мутахассислари — санъатшунослар, дизайнерлар, либослар лойиҳачилари ва тарихчилар жалб этилган. Кўргазмага мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келтирилган XIX аср охири — ХХ аср бошларига оид 50 тага яқин тарихий либосларнинг йирик коллекцияси тайёрланди. Либосларни яратишда биз тарихий аниқлик тамойилига қатъий амал қилдик — матолар, безаклар, пардозлар, орнаментлар, каштачилик техникасининг бир неча аср олдинги қўлланилган турлари ва нусхаларидан фойдаландик.

Ўзбекистон Маданий мерос ҳафталиги меҳмонлар ва иштирокчилар учун яна кўплаб тадбирларни тайёрлаган. Хусусан, миллий кинолар премьералари намойиши, нодир хроник лавҳалар, маданият ва санъат мавзуларида нашр этилган китоблар кўргазма-ярмаркалари ҳамда таниқли фан ва маданият намояндалари билан ижодий учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Халқаро конгресс очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири