Мамлакатимиз кейинги йилларда кўплаб ўзга эллар билан дўстлик ришталарини боғлади. Бу борада миллий қадриятларимиз, ҳунармандлигимиз, спортдаги ютуқлар баробарида маданият ва санъат ҳам эътибор тортгувчи жиҳатлардан бири. Миллат ва элатларнинг тиллари, диллари бир-бирига боғланиб, қадриятлар уйғунлашаётгани ҳам ҳақиқат. Бу Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг Қатар  маданият вазири Aбдураҳмон бин Ҳамад Aл-Соний билан яқинда бўлиб ўтган учрашувида ҳам ўз аксини топди.

Вазирлар мулоқоти Қатар Давлати Aмирининг яқинда Ўзбекистонга ташрифи чоғи намойиш этилган маданий тадбирлар юқори савияда ўтказилгани учун алоҳида миннатдорлик билдириш билан бошланди. Қатар маданият вазири Ўзбекистон билан маданият соҳасида ҳамкорликни юқори савияга олиб чиқиш бўйича алоҳида кўрсатмалар олганини таъкидлади. Бу эса миллий маданиятимизга бўлган ҳурматнинг амалдаги ифодаси эди.

Дўстона суҳбатда маданият соҳасида ҳамкорлик меморандумининг ижросини таъминлаш мақсадида қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан, келгуси йилда Қатарда Ўзбекистон, мамлакатимизда Қатар маданияти кунларини ташкил этиш, бунда санъаткор ва ижодий жамоаларнинг қўшма лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратиш белгиланди. Муҳокама қилинган лойиҳалар асосида 2023–2024 йилларда ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди. Биз Ўзбекистон маданият ва туризм вазирининг Доҳа шаҳрида ўтказилган Халқаро китоб ярмаркасидаги иштирокига алоҳида тўхталишни жоиз топдик.

 Энг қадимий, энг йирик халқаро тадбир

Доҳа халқаро китоб ярмаркаси минтақадаги энг қадимий ва йирик халқаро китоб кўргазмаларидан ҳисобланади. Унинг илк очилиши 1972 йилда бўлиб ўтган. 2002 йилга қадар у икки йилда бир марта ташкил этилган бўлса, ҳозирда ҳар йили ўтказилади.

Ярмарка дунёнинг энг йирик ва етакчи нашриётларини жалб қилишга муваффақ бўлган. Биринчи кўргазмада 20 дан ортиқ нашриёт иштирок этган бўлиб, ҳозирда 34 давлат вакиллари қатнашади. Мазкур тадбир ўтказиладиган майдон 29 000 квадрат метрни ташкил этади. Кўргазма доирасида семинар, маъруза, маҳорат дарслари каби кўплаб маданий тадбирлар ташкиллаштирилади. Ярмарка Доҳа кўргазма ва анжуманлар марказида ўтказилади.

Aбдулраҳмон бин Ҳамад Aл-Соний таклифи билан О.Назарбеков халқаро китоб кўргазмасида қатнашиб, кўргазма директори Жассим Аҳмад Ал-Буайнайн билан учрашди. Маълум бўлишича, бу йил 37 давлатдан 500 дан ортиқ етакчи нашриёт ва ташкилотлар иштирок этмоқда. Араб мамлакатларидаги энг йирик маърифий платформалардан бирига айланган кўргазма анъанавий нашриётчиликни ривожлантириш баробарида аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни китобхонликка қизиқиштиришда энг илғор ғояларни жамлаган.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, 2010 йилдан бери қайсидир мамлакат кўргазманинг “Фахрий меҳмони” сифатида танланиб келинади. Хусусан, шу пайтгача AҚШ, Россия, Туркия, Эрон, Япония, Бразилия ва Германия каби давлатлар бундай шарафга муяссар бўлди. Ўзбекистон 2024 йил учун “Фахрий меҳмон” сифатида иштирок этиш таклифини олди.

Бу мамлакатимиздаги маърифий ислоҳотларнинг амалий натижасини кенг намойиш этиш, нашриётларимиз ва хорижий ҳамкорлар ўртасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, адабиёт соҳасидаги энг сара асарларимизни араб дунёсида тарғиб қилишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, кўргазмада бир қатор етакчи нашриёт уйлари ва ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, Саудия Арабистони Адабиёт, нашриёт ва таржима комиссияси бош менеджери Ҳайла Ал-Ҳалаф хоним билан ўзбек шоир ва адибларининг энг сара асарларини араб тилига ўгириш бўйича грант лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишув мамлакатимиз учун янада манфаатли бўлди.

Аждодларимиз қўлёзмалари — Қатар миллий кутубхонасида

Қатарга сафар давомида маданият вазири Озодбек Назарбеков мамлакат миллий кутубхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Ушбу маърифат маркази Президенти Ҳамад бин Aбдулазиз Aл-Кавари Қатар миллий кутубхонасининг тарихи, бугунги фаолияти, масканнинг янги биносини барпо этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишлар, истиқболдаги режалари билан таништирди.

Қатар Миллий кутубхонаси — Қатар таълим, фан ва жамиятни ривожлантириш жамғармасига қарашли нотижорат ташкилот. Зиё маскани Форс кўрфази минтақасида энг биринчи (1962 йил 29 декабрда) ташкил этилган кутубхоналардан бири ҳисобланади. Кутубхона фондида 1 миллиондан ортиқ китоб, 500 мингдан ортиқ электрон китоб, даврий нашрлар ва газеталар ҳамда махсус тўпламлар сақланади.

Ҳамад бин Aбдулазиз Aл-Кавари илм, ислом маданияти ривожида юртимиздан етишиб чиққан алломалар, хусусан Имом Aл-Бухорий, Ибн Сино, Aл-Хоразмийларнинг ўрни катта экани, шунинг учун Ўзбекистондаги мавжуд қўлёзмалар, илмий асарларни ўрганиш, тадқиқ этишга катта эҳтиёж борлигини таъкидлагани буюк аждодларимиз мероси нақадар буюклигига яна бир ишора бўлди.

– Учрашув якунида томонларнинг Қатар миллий кутубхонаси билан қадимий илмий асарлар, қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, кутубхонанинг узоқ йиллик тажрибасини ўрганиб қадимий ва ноёб асарлардан  ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, асарларни қайтариш бўйича технологик ва услубий ечимлар юзасидан тажриба алмашишга келишиб олинди. Бу ҳар иккала мамлакат илм-фани ва маданиятининг порлоқ эртасига хизмат қилиши шубҳасиз, – дея қайд этди маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков.

Маълумот учун айтиш керакки, қадимий қўлёзмаларни излаб топиш, керак бўлса, шахсий коллекция ва аукционлардан сотиб олиш ва жамлаш энг муҳим вазифаларидан бири бўлган мазкур кутубхона фондида Ибн Сино ва Мусо ат-Термизийларнинг қўлёзмалари ҳам жамланган.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири