Шу муносабат билан ташкил этиган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Мурат Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев, ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда фахрийлар иштирок этди.

Мудофаа вазири Б.Қурбонов дала-ўқув майдони инфратузилмасини такомиллаштиришда амалга оширилган кенг кўламли ишларга тўхталиб, “Нукус” дала-ўқув майдони замонавий талабларга жавоб берадиган халқаро даражадаги полигон бўлганини таъкидлади. Шунингдек, бу ерда эндиликда халқаро миқёсдаги армия ўйинларини ҳам ўтказиш имкони борлиги, миллий армиямизнинг нуфузли полигонлари қаторидан жой олгани эътироф этилди. Қурилишда амалий кўмак берган Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва қорақалпоқ халқига миннатдорлик билдирилди.

Полигон қурилиши ва қайта таъмирлаш ишларида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва қурувчи-пудратчи ташкилот раҳбарлари мудофаа вазири номидан эсдалик совғалар билан тақдирланди. Янги қиёфа акс этган замонавий дала-ўқув майдонининг очилиши муносабати билан Жўқорғи Кенгес Раиси номидан полигонга эсдалик сифатида совға топширилди.

Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда Нукус ҳарбий госпитали моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида замонавий, сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган реанимобиль махсус техникаси топширилиши ҳарбий округ жамоасига ўзгача туҳфа бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда барча ҳарбий округларда қўшин турларининг замонавий жанговар тайёргарлик амалиётларини жаҳон стандартлари асосида кенг татбиқ этиш учун ана шундай дала-ўқув майдонлари қайта такомиллаштирилмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори кўмаги билан “Нукус” полигонида 13 ҳарбий ва ижтимоий объектда тўлиқ капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Хусусан, полигонда замонавий кўринишда ихчам ва қулай шарт-шароитларга эга бўлган 400 ўринли иккита ётоқхона ва ўқув биноси, 300 ўринли ошхона янгидан қурилиб, зарур ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминланди.

Полигонда бошқарув пункти, 7 ўқув синфи, 10 ўринли тиббиёт пункти ҳамда ҳарбий хизматчилар учун кафетерий қайта қурилди. Махсус бўлинмалар билан жанговар тайёргарлик машғулотларини реал вазиятга максимал даражада яқинлаштирилган ҳолатда ўтказиш мақсадида разведка бўлинмалари учун яқин жанг олиб бориш шаҳарчаси, мерганлар йўлаги ҳамда тактик ва махсус машқларни бажаришга мўлжалланган кўп қаватли бино қад ростлади.

Ҳарбий хизматчиларнинг жисмонан чиниқиши ҳамда турли спорт ўйинлари билан шуғулланиши учун мини-футбол стадиони, гимнастик шаҳарчаси, волейбол майдончаси, рингни ўз ичига олган очиқ спорт мажмуи барпо этилди.

Жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлашга мўлжалланган янги жанговар техникалар парки, радиацион, кимёвий, биологик қуроллардан ҳимояланиш шаҳарчаси, жамоавий руҳий барқарорликни шакллантириш иншоотларида қурилиш ва замонавий андозалар асосида жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Барча куч ва воситаларни бошқариш, ҳамкорликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида замонавий дизайн ва барча қулайликларга эга бўлган 2 қаватли қўмондонлик кузатув минораси қурилди. Ўқ отиш тирлари ҳамда БТР ва танкдан ўқ отиш директрисаси такомиллаштирилди.

Ушбу полигонда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларидан ташқари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлигининг ҳарбийлашган бўлинмалари ҳам назарий билимларини амалда мустаҳкамлаб келмоқда.

Олиб борилган кўламли ишлар натижасида чўлнинг ўртасида жойлашган “Нукус” полигони саҳрога янги ҳаёт бағишлаб, эндиликда юрт ҳимоячиларининг жанговар шайлигини юксалтиришга катта ҳисса қўша олади.

Тантанали маросимдан сўнг меҳмонлар полигон ҳудудида яратилган қулай шароитлар, янги бино ва ўқув-машқ объектлари билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг меҳмонларга Шимоли-ғарбий ҳарбий округ, ДХХ Чегара қўшинлари ҳамда Миллий гвардия бўлинмалари иштирокида мажмуавий махсус-тактик ўқуви намойиш этилди.

Ташриф буюрган меҳмонлар ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари томонидан ташаббускорлик ғоялари асосида яратилган ҳамда ҳарбий хизматда фойдаланишда қўшимча қулайлик яратадиган рационализаторлик ишланмалари кўргазмаси билан танишди.

Тадбир сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти санъаткорлари ҳамда Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан концерт дастури намойиш этилди.