Тинч юртга тўйлар, байраму шодиёналар ярашади. Халқимиз топиб айтган бу сўзларнинг қийматини охирги йилларда дунё эллари бошига тушган турли синовлар, юртимизгача кириб келган пандемияда одамларимиз бирлашиб, ҳамжиҳатлигини намоён этган онларда янада чуқурроқ англагандекмиз. Яратганга шукур, бугун нуронийларимизнинг дуолари, юртдошларимизнинг меҳр-саҳовати билан тинч кунларда шукроналикда яшаяпмиз.

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида мустақиллик арафасида замонавий қиёфада барпо этилаётган “Nurafshon smart city” ҳудудида катта амфитеарт очилиб, илк байрам тадбири ташкиллаштирилди. Вилоят аҳлининг бир қисми ана шу амфитеатрни кўришга келган бўлса, бошқалар бадиий тадбирда ўз санъатларини намоён этиб, томошабинларга юқори кайфият улашди. Амфитеатр кираверишидан бошланган доира садолари тадбирга катта тайёргарлик кўриб келган бошқа жамоаларнинг чиқишларига уланди. Мамлакатимизда доим шундай: халқимизга янги объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирлар том маънодаги тантаналарга, таъбир жоиз бўлса, дўстлик байрамига айланиб кетади.

... Нурафшон шаҳрига кираверишданоқ ўзгаришларни пайқадик. Кенг майдон, адирликлар текисланиб, катта қурилишлар қилиняпти. Қаерга қарамайлик, пойдевори кўтарилаётган баланд қаватли уйларга кўзимиз тушади. “Nurafshon smart city” деганлари ҳам бир неча гектар ерда бунёд этилаётган экан. Четдан қараганда, алоҳида шаҳарчанинг ўзгинаси. Амфитеатр мана шу шаҳарчанинг марказида жойлашган. Турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган саҳна атрофида томошабинлар учун ўриндиқлар жойлаштирилган. Атроф эса кўкаламзорлаштирилиб, бир қисми дам олиш боғига айлантирилган.

— Муҳташам амфитеатр Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбектистон боғи”да барпо қилиниши режалаштирилган 73 та қурилиш объектининг қалдирғочи ҳисобланади, — дейди Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев. — Объект қурувчиларимизнинг тинимсиз меҳнати, барча секторлар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг жипсликдаги ҳаракатлари билан 78 иш кунида барпо этилди. Мустақиллик арафасида уни юртдошларимизга туҳфа сифатида тақдим этганимиздан мамнунмиз. Бу маскан ҳамиша байрамлар, шодиёна тадбирларига хизмат қилишини ният қиламиз. У, аввало, халқимизники. Боиси, вилоятдаги ҳар бир бунёдкорлик ишларида аҳолининг ҳиссаси бор. Эл-юрт хизматида бўлган турли соҳа вакиллари — қурувчию йўлчилар, сувчию ободончилар, қўйингки, маиший турмушимизда камарбаста бўлиб келадиган меҳнаткаш, танти ва самимий инсонлар хизмати, нуронийларимизнинг дуолари билан барча соҳаларда ютуқларга эришиляпти. Ўзбекистон тарихида илк бор шу йилнинг ўзида вилоятимизнинг 1800 нафар отахону–онахонлари муборак ҳаж ва умра зиёратини амалга оширганлари ҳам бизни қувонтиради. Уларнинг ва Президентимизнинг муқаддас масканларда халқимизнинг фаровонлиги ва осойишталиги, юртимиздаги тинчликнинг бардавом бўлишини, дастурхонларимиз тўкинлигини сўраб қилган дуолари ижобат бўлсин.

Тошкент воҳаси Буюк ипак йўлидаги илм-фан, ҳунармандчилик, маданият тараққий этган маконлардан бири бўлгани тарихдан маълум. Бу заминда Шайх Умар Вали, Занги Ота каби буюк зотлар, адабиёт ва журналистикада ўз мактабини яратган Оқилхон Шарофиддинов, Музаяна Алавия сингари зиёлилар, “Тошкент технологияси”ни яратган Турсуной Оҳунова, Зайниддин Фахриддинов, Махмуд Мирзаев каби қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойилари яшаб ўтган. Байрам дастурининг тарихий-маънавий блокида халқимизнинг фахру ифтихорига айланган ана шундай вилоят фарзандлари хотираси номма-ном ёдга олинди.

Бугунги авлодлар орасида ҳам аждодлар йўлини давом эттираётган билимли, ўз соҳасининг усталари, замон билан тенг қадам ташлаётган илғорлар кўп. Ёшлардан 28 нафар Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари, 10 нафар “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндорлари, 35 нафар номдор стипендиантлар, 6 нафар фан олимпиадалари ғолиблари, 142 нафар осиё, 55 нафар жаҳон чемпионлари бор. Вилоят аҳли, айниқса, Оғир атлетика бўйича Олимпиада ва жаҳон чемпиони Акбар Жўраев, Бокс бўйича жаҳон чемпиони Фазлиддин Ғоипназаров, осиё чемпионлари Элънур Абдураимов, Светлана Осипова, Зохид Кенжаев, Шунқор Абдурасуловлар билан фахрланади. Байрам тадбирида Президентимиз фармонига кўра мустақиллик арафасида юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганларга ҳам алоҳида ҳурмат кўрсатилди.

Тошкент вилоятининг ҳар соҳада эришаётган ютуқлари, унумдор тупроғи, маъданларга бой ерлари ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Аммо бу ҳудуднинг энг катта бойлиги ҳақида сўралганда, ҳеч иккиланмай, кўп миллатли, хушфеъл, аҳил ва ҳамжиҳат одамлари, дея оламиз. Деярли ҳар бир туманида турли миллат ва элат вакилларини учратиш мумкин. Ўзбекча, русча, татарча, тожикча, корейсча, қозоқча, қирғизча ва бошқа кўплаб тилларда гапирадиган, лекин ягона мақсад, пок ният билан яшаётган бу инсонларнинг орзу-интилишлари, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатларига ҳавас қилса арзийди.

— Ёшим 78 да. Қозоқ миллатига мансубман. Туғилганимдан буён Ўзбекистонда яшайман, — дейди Чиноз тумани фуқароси Неъматилло Кукенов. — Нурафшон шаҳрида уруғларимиз бор, шу боис бу ерга болалигимдан бери кўп келиб турамиз. Илгари Нурафшон дашт эди. Шундай адирликларда катта қурилишлар бўлаётганини кўриб, очиғи, бу жойларни таниб бўлмаяпти. Қараб, ҳавас қиляпман. Келажак авлод шундай обод жойларда яшасин деймиз, дуо қиламиз. Тошкент вилоятида кўплаб миллатлар бор. Барчаси биргаликда аҳил, тотув яшайди. Бир-биримизни ҳурматлаб, сизлаб гапирамиз. Бир-биримиздан қиз оляпмиз, қиз беряпмиз. Ана шу иноқлигимиз абадий давом этсин. Барча юртдошларимизга мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муборак бўлсин.

Вилоят аҳли байрам руҳидан бир завқланса, Нурафшондаги ўзгаришлар, катта қурилишлар кўлами ҳамда янги амфитеатр очилишидан ўн бор қувонаётнини яширмади. Ҳали бу ер катта боғга айланади. Одамлар дам олиб, оилавий хордиқ чиқарадиган сўлим маскан фақат яхши кунлар, гўзал байрам тадбирларига хизмат қилсин, деймиз.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири