Мазкур мажмуада нуронийлар учун дам олиш, шахмат-шашка, спорт-соғломлаштириш, тиббиёт хоналари, чойхона ташкил этилади. Бой китоб фондига эга кутубхона ҳам фаолият кўрсатади.

– Вилоятимизда 340 мингдан зиёд нуронийлар истиқомат қилади, – дейди вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Ф.Омонов. – Улар давлатимиз эътиборини кундалик ҳаётида ҳис қилиб турибди ва бундан миннатдор. Айни пайтда катта ҳаётий тажрибага эга фахрийларимиз ижтимоий ҳаётда, айниқса, ёшлар тарбиясида фаол иштирок этмоқда. Барча туман ва шаҳарларда ташкил этилаётган “Нуронийлар маскани” эса бу борада уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, мазкур маскан қурилиши учун жами 3,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилиши кўзда тутилган. Бунинг учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил III чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисмидан 1 ярим миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлса, қолган қисми “Олмалиқ КМК” АЖ ҳомийлик ёрдамлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.