Дарҳақиқат, китобда барча соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ислоҳотлар қамраб олинган. Унда соҳалар вакиллари зиммасидаги улкан вазифалар кўрсатиб берилган бўлиб, бу шу юртда яшаётган ҳар бир инсонни келгусида улкан маъсулиятни ҳис қилишига ундайди. 

Олий таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган зиёли сифатида ушбу асарнинг “Маънавий тараққиёт” йўналиши хусусида айрим мулоҳазаларимни билдиришни жоиз деб биламан.

Шу ёруғ дунёда яшаётган инсон борки, умр йўлларида ҳаловат топмоқ истаганда бир нурга интилиб яшайди. У  инсон қалбидаги илоҳий нур, шуъла, юракларни ёндиргувчи машъала маънавиятдир. Маънавиятли инсон тафаккур қилади, фикрлайди, мулоҳаза юритади. Маънавияти бутун инсон қалбида эзгулик ҳукмронлик қилади.

Шу ўринда Президентимизнинг “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган сўзларини келтиришни жоиз деб биламан. Ушбу сўзлар бежизга айтилмаган. Бу янги Ўзбекистонни бунёд этишда ҳам иқтисодиётга, ҳам маънавиятга таянилишининг эътирофидир.

Президентимиз қуйидаги пурмаъно сўзларни айтганларида минг бора ҳақ эди: “Ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир”. 

Ҳа, дунёни ўз илми билан лол қолдирган Мирзо Улуғбек, Ал-Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий, ҳарбий тактикаси билан дунёга донғи кетган, марказлашган давлат тузган Амир Темур ёки ҳадис илмининг султонлари Имом Бухорий, Ат-Термизий каби олиму фузалолар, алломалар авлоди бўлган халқ ҳеч қачон маънавий соҳада ортда қолмайди.

Улар қолдирган улкан маънавий мерос маърифатли жамиятни қуришда мунаввар ёғду сифатида хизмат қилади. Ҳа, маънавиятни беихтиёр мунаввар ёғдуга менгзагим келди. Мунаввар ёғдунинг шуъласи қанчалик нурафшон бўлса, кўнгиллар шунчалик ёғдуланади. Қалблар ёришади.

Шу ўринда Фарғона политехника институтида фаолият кўрсатаётган бир зиёли сифатида шуни айта оламанки, маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда, давлатимиз раҳбари истаганидай, маърифатли жамият қуриш йўлида жамоамиз билан муносиб ҳиссамизни қўшамиз. Талаба ёшларимизни дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиб, келгусида турли маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ўтказишни, ижодий клублар очишни, соҳадаги фаолиятни акс эттирувчи туркум кўрсатувларни ташкил этишни режалаштирганмиз.

Институтда фаолият кўрсатаётган маънавий-маърифий соҳадаги тўгаракларнинг натижадорлигини ошириш йўлидаги хайрли ишларимизни давом эттиришни ният қилганмиз. Ўйлайманки, “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби бу йўлда нурли келажагимиз учун муҳим дастур, эзгулик нурини улашишда маёқ вазифасини ўтайди.

Нурли келажак учун қадам ташлаётган қалблар ҳамиша юлдуздек порлаб, ёниб тураверади ҳамда мунаввар ёғду бўлиб нур сочиб турган маънавият маъшаласидан жилваланаверади. Зеро, бу мунаввар ёғду  Аллоҳим  севган шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг қадри янада улуғ бўлиши учун нур сочаверади. Илоҳим, қалбимиздаги мунаввар ёғдумиз ҳеч қачон сўнмасин. Нурли келажагимиз учун қилаётган ибратли ишларимиз хайрли бўлсин.  

                                              Мирзоҳид Ботиров,

Фарғона политехника институти проректори.