Бугун юртимизнинг озиқ-овқат, тўқимачилик ва бошқа турдаги маҳсулотлари дунё бозорларига чиқиб, жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари савдо дўконларидан муносиб жой эгалламоқда. Тобора ривожланиб бораётган экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиляпти.

Куни кеча Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесида экспорт-импортни ривожлантиришга йўналтирилган яна бир марказ — Ўзбекистон савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.  Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси ҳамда давлатимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган савдо уйи Мустақиллик айёмига муносиб туҳфа бўлди.

Савдо уйининг асосий вазифаси юртимиз маҳсулотларини Америка қитъасида тарғиб қилиш ва маҳаллий товарларимизнинг экспорт ҳажмини оширишдан иборат. Марказ павильонида миллий маҳсулотларимиз кўргазма тарзида намойиш этилади ва тадбиркорлар ўртасида экспорт-импорт шартномалари тузилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган барча турдаги маҳсулотлар Экспортчилар уюшмасига аъзо тадбиркорлар, экспортчилар томонидан у ердаги талаб ва таклиф асосида Нью-Йоркдаги савдо дўконларига етказиб берилади.

— Маҳаллий тадбиркорларимиздан бири — уюшманинг Нью-Йоркдаги бизнес элчиси Абдумалик Аҳмедов кўмагида Бруклинда кичик бўлса-да кўргазмалар ташкил этиб, Америка бозорларида ўзбек маҳсулотларини тарғиб қиладиган шоу-рум, ўзбек ишбилармонларига яқиндан кўмак берадиган марказ ташкил этишга муваффақ бўлдик, — дейди Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Мухтор Умаров. — Маълумотларга кўра, юртимиздан борган эмигрантларнинг кўпчилиги Бруклинда яшайди. Бундан ташқари, АҚШда МДҲ давлатларидан бориб истиқомат қилаётган тадбиркорлар томонидан ташкил этилган 700 дан ортиқ йирик дўкон бор. Уларда юртимизнинг турли озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги маҳаллий савдо марказларига ҳам тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳўл ва қуруқ меваларимизга буюртмалар тушади. Уларни осон ва тезкорлик билан етказиш, тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида уюшма савдо уйини ташкил этишга қарор қилди. Бу жой икки давлат ўртасидаги савдо йўлаги вазифасини бажаради ва эндиликда ўлкамиз маҳсулотлари Америка дўконларига бизнинг савдо уйимиз орқали ҳеч қандай тўсиқларсиз етиб бориши таъминланади.

Шунингдек, харидорлар сонини ошириш учун лойиҳага жалб этилган 5 нафар маркетолог ёрдамида АҚШдаги савдо мажмуаларида юртимиз маҳсулотларини тарғиб этишга қаратилган турли акция ва тадбирлар ўтказилади. Аҳолига меваларимизни бепул татиб кўриш имконияти яратилади. Бу орқали ўша ернинг ўзида харидорлар топилиб, уюшма орқали маҳаллий экспортчилар билан алоқа ўрнатиш таъминланади. Ҳозирча бу ишларнинг биринчи босқичи Нью-Йорк шаҳрида бошланди. Келгусида бундай савдо уйларини дунёнинг бошқа давлатларида ҳам очиш режалаштирилган.

Мутасаддиларнинг таклифи билан савдо уйида “Ўзбек жамияти”нинг қароргоҳи ҳам ташкил этилди. Марказ фаолияти давомида АҚШда истиқомат қилаётган юртдошларимизни иш билан таъминлашга кўмаклашиш кўзда тутилган.

Савдо уйида маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар ўртасида бевосита савдо шартномалари имзоланиши билан бирга, юртимиздаги экспорт бозорлари интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри марказга уланади. АҚШдаги йирик савдо дўконлари раҳбарлари ва бошқа харидорлар ўзбек маҳсулотларини  O‘zbekmart.сom электрон шоу-руми орқали онлайн режимда кўриб, буюртма бериши ҳам мумкин. Экспортчилар уюшмаси ҳузуридаги “Uzexim capital” молия ташкилоти эса Нью-Йоркдаги тадбиркорларнинг савдо харидларини молиялаштиради. Тизимли равишда олиб борилаётган мазкур ишлар маҳаллий тадбиркорларга катта кўмак бўлиб, Ўзбекистон маҳсулотларининг Америка бозорларига кенг кириб бориши ва экспорт салоҳиятининг янада ошишига йўл очади. Келгусида савдо уйи павильони ҳудудини кенгайтириш ҳамда кўргазма майдонига юртимизда ишлаб чиқариладиган барча турдаги маҳсулотларни жойлаштириш мақсад қилинган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири