2019 йилнинг 7 октябрида Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) котибиятлари билан ҳамкорликда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), халқаро савдо маркази (ITC) ва халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) биринчи марта жаҳон пахта кунини эълон қилди. Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг таклифига биноан Жаҳон Савдо Ташкилоти ҳар йили 7 октябрь кунини Халқаро пахта куни сифатида нишонлаш қарорини қабул қилган. Шу кунда барча пахта етиштирувчи давлатларда ўтказиладиган тадбирлар пахтачиликни, пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, соҳада ўтказиладиган тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш ва бошқа амалий чораларни белгилашга қаратилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда пахтачилик соҳасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда: 122 та пахтачилик-тўқимачилик кластерларида, пахтачилик илмий марказлари ва институтларида пахтанинг янги серҳосил, эртапишар, қурғоқчилик ва шўралаган тупроқ шароитларига чидамли навларини яратиш бўйича тадқиқотлар амалга оширилмоқда, машинасозлик корхоналарида пахтага ишлов берадиган янги инновацион технологияларга асосланган техникалар, ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган пахтачилик соҳасидаги умумий қиймати 6,5 миллиард сўмлик 11 та инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳам қатор лойиҳалар илмий-техник кенгашлар томонидан ўрганилмоқда. Иқлимнинг глобал даражада ўзгариши ер ҳароратининг йилдан йилга кўтарилиб боришига сабаб бўлмоқда, натижада қурғоқчилик ва сув захираларини камайиши кузатилмоқда. Ўз навбатида қурғоқчилик бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилини кескин даражада йўқотилишига ҳам олиб келмоқда. Ўзбекистон сув захиралари чекланган регион бўлиб қурғоқчилик энг долзарб муаммолардан биридир. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги экинларининг сув танқислигига чидамли янги навларини яратиш олимлар олдида турган муҳим вазифалардандир.

Пахтачилик – Ўзбекистон халқ хўжалигининг муҳим соҳаси. Пахта инсонни кийинтиради, озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат учун қимматли хомашёлар олинади, чорва озуқаси тайёрланади, аҳоли иш жойлари, валюта тушумини таъминлайди ҳамда саноатнинг бошқа кўплаб соҳалари тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, автомобилсозлик, самолётсозлик, мой-бўёқ, қоғоз ишлаб чиқариш, тиббиёт, қурилиш, мебель саноати ва бошқа соҳалар ривожи ҳам пахтачилик билан бевосита боғлиқдир.

Ўзбек пахтасининг шуҳрати жаҳонда тобора юксалиб бораётган экан, бунинг замирида мамлакатимизда пахтачилик тармоғини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, олимлар, соҳа мутасаддилари ва фермер деҳқонларимиз меҳнатининг самаралари мужассамдир.