Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — йўловчи вагонларини қатновга тайёрлаш жараёни, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда замонавий технологияларнинг амалиётга жорий этилишини кенг жамоатчиликка яқиндан таништиришдан иборат бўлди.

Пресс-тур дастлаб Тошкент йўловчи вагонларни техник ва технологик тайёрлаш, таъмирлаш филиалида бошланди. Журналистларга вагонларни рейсга тайёрлаш босқичлари, техник кўрик, режали таъмирлаш ишлари, хавфсизлик чоралари ҳамда замонавий ускуналардан фойдаланиш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, эксплуатация муддати тугаб бораётган эски вагонлар босқичма-босқич ҳаракатдан чиқарилиб, улар ўрнига янги вагонлар харид қилинмоқда.

Маълум қилинишича, Президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги PQ–329-сон қарорига мувофиқ, темир йўл соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва хизмат сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2025 йилда 51 та замонавий йўловчи вагонлари фойдаланишга топширилди. 2026 – 2030 йиллар давомида эса ҳар йили 40 тадан янги вагон харид қилиниб, жами 200 та вагон ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда жамият маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

— Янги вагонлар замон талаблари асосида жиҳозланган дейди, — Тошкент йўловчи вагонларни техник ва технологик тайёрлаш, таъмирлаш филиали бошлиғи Ботир Каримов. — Хусусан, 180 даражага буриладиган юмшоқ ўриндиқлар, USB ва электр қувватлагич портлари, индивидуал ёритиш чироқлари, йиғма столчалар, биотуалет тизими ва энергия тежамкор электр таъминоти жорий этилган. Бу эса йўловчилар учун янада қулай ва хавфсиз сафар шароитини яратади.

Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти фаолияти билан ҳам танишдилар. Йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, сервис даражасини яхшилаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида тақдимот ўтказилди. Бугунги кунда айрим йўналишлар тўлиқ янги вагонлар билан таъминланган бўлиб, келгусида барча асосий йўналишларни босқичма-босқич янгилаш режалаштирилган.

Шундан сўнг иштирокчилар Тошкент марказий темир йўл вокзали инфратузилмаси билан танишдилар. Вокзалда сенсорли эскалаторлар, электрон турникет тизими, QR-кодли чипталар, ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи инфокиоскалар ва рақамлаштирилган чипта сотиш тизими жорий этилган. Янги тизим орқали йўловчилар чиптани тез ва қулай тарзда харид қилиши, йўқотилган чиптани электрон шаклда қайта тиклаши мумкин.

Тадбир давомида Афросиёб юқори тезликдаги поездида келган йўловчилар билан суҳбатлар ташкил этилди. Улар янги вагонлардаги қулайликлар, сервис сифати ва вокзал инфратузилмасидаги янгиланишлар юзасидан ижобий фикрлар билдирдилар.

Шунингдек, келгусида замонавий тезюрар поездлар ҳаракатини кенгайтириш мақсадида айрим темир йўл участкаларини модернизация қилиш ва электрлаштириш ишлари амалга оширилиши маълум қилинди. Бу лойиҳалар юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар сонини ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги қатнов вақтини қисқартиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур пресс-тур темир йўл соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар, хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва замонавий технологияларнинг амалиётга татбиқ этилиши билан яқиндан танишиш имконини берди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат транспорт тизимини янги босқичга олиб чиқиб, йўловчиларга янада қулай ва замонавий хизмат кўрсатишга замин яратмоқда.

Зулхумор Акбарова