Ачинарлиси, мурожаат қилиб келаётганларнинг кўпчилиги давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018-2019 йилларда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ўтказилган бир марталик умумдавлат акциясида иштирок этмаган.
Шундай бўлсада «Инсон қадри учун» тамойили асосида Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида яшовчи аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш ва тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, бу борада ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 августдаги «Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида туманда сектор раҳбарлари, солиқ, ички ишлар ва адлия органлари, қурилиш бўлими, маҳалла фуқаролар йиғини вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, уч ой муддатда барча кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди.
Қайд этиш лозимки, ҳужжат қабул қилинган вақтда биргина Шаҳрихон туманида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг маълумотлар базасида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган 32 минг 309 та кўчмас мулк объекти мавжуд бўлган бўлса, хатлов натижасида 52 минг 39 та турар-жой борлиги аниқланди. Хатлов жараёнида ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд бўлмаган хонадонлар сони Шаҳрихон туманида 42 минг 430 тани ташкил этиши маълум бўлди.
Шундан, туманлардаги ишчи комиссия аъзолари томонидан Ер майдонига ижара, тураржой бино-иншоотларига мулк ҳуқуқи берилганлар сони Шаҳрихон туманида 11 минг 489 тани ташкил этиб, хатлов якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши муҳокамасига киритилди ва тураржойлар фойдаланишидаги ер участкаларига «ижара» ва мавжуд бино-иншоотларига нисбатан «мулк» ҳуқуқлари Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорлари билан тасдиқланди.
Мисол учун, Шаҳрихон туманининг Эшон маҳалласида яшовчи, 80 ёшли Иброҳимжон Аҳмаджонов ўзи яшаб келаётган уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслиги учун бир неча йиллардан бери Кадастр ҳужжатларини расмийлаштира олмаган. Куни кеча Давлат хизматлари маркази ходимлари ушбу фуқаронинг уйига сайёр тартибда бориб, ўша ернинг ўзида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, давлат рўйхатидан ўтказиб берди.
Қайд этиш лозимки, ҳозирги кунга қадар Шаҳрихон туман адлия бўлими Давлат хизматлари маркази томонидан мулк ҳуқуқлари эътироф этилган 3 469 нафар турар жой эгаларининг кадастр паспортлари шакллантирилиб берилди.
Камолиддин АМАНОВ,
Шаҳрихон туман адлия
бўлими бошлиғи