Обод маҳалла ва қишлоқ одамларининг қалби обод, маданияти юксак бўлиши бежиз эмас. Чунки покизалик ва озодалик қалбларга нур улашиб, инсон руҳиятини кўтаради, унинг соғлом бўлишни таъминлайди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда олиб борилаётган ободончилик юмушлари республикамиз бўйлаб жадал тусда олиб борилаётгани эътиборга молик.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармонлари билан қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Ушбу дастурлар асосида мамлакатимиз бўйлаб минглаб иморатлар қайта қурилгани нафақат шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини, балки, юртдошларимизнинг кўнгилларини ҳам обод қилаётир.
Лекин ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли бу борадаги ишлар вақтинча тўхтаб қолган эди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан шу йил 24 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу масалага алоҳида тўхталиб, бу йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм йўналтирилишини таъкидлади.
Англашиладики, энди кўп йиллардан буён аҳолини ўйлантириб келаётган электр, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, тор ва қинғир-қийшиқ кўчаларни кенгайтириб, асфальт ва шағал ётқизиш каби ишлар тез орада ечим топади. Аҳоли яшаш хонадонларининг кўркам қиёфа кашф этиши, фаровон турмуш учун барча қулайликларнинг яратилиши фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширади.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳолининг фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган муҳим ҳуқиқий асос бўлди.
Унга биноан, юқоридаги дастурлар доирасида қишлоқлар (маҳаллалар) рўйхати олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда жойлашгани, аҳоли ва тадбиркорларда ўзлари истиқомат қилаётган (жойлашган) қишлоқ (маҳалла) ҳудудини биргаликда ободонлаштириш юзасидан ташаббусларнинг мавжудлиги “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомига эгалиги каби мезонлар асосида шакллантирилади.
Қишлоқларда (маҳаллаларда) амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини ҳамда уларни молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларни туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида ҳимоя қилади.
Сир эмас, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр таъминотини, жумладан, трансформаторлар ва нимстанциялар ҳолатини яхшилаш, аҳолига газ ёқилғиси узлуксиз етказиб берилишини ташкил этиш, ички автомобиль йўллари, пиёдалар йўлаклари, транспорт тўхташ бекатлари ва бошқа йўл инфратузилмасини қуриш, реконструкция қилиш – энг долзарб масалалардан саналади. Қарор билан бу борадаги муаммолар ҳал этиладиган бўлди.
Эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бу борадаги ишлар билан биргаликда, ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ тадбирларни ҳам амалга оширади.
Дастурларни 2021 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари доирасида туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашлари томонидан мазкур қарорнинг 1-банди “а” кичик бандида белгиланган мезонлар асосида ҳар бир туман ва шаҳардан қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган жами 397 та қишлоқ ва маҳалла танлаб олиниб, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишларининг манзилли дастурлари тасдиқланди.
Яна бир муҳим янгилик – ушбу дастурлар доирасида ижтимоий соҳа, ичимлик суви таъминоти, оқова сув тизими ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари учун ажратиладиган маблағлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармалари орқали молиялаштирилади.
Электр энергияси, табиий газ ва телекоммуникация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишларини молиялаштириш тегишинча “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Дастурлар доирасида ажратилган маблағлар етишмаган тақдирда, ушбу объектларни қуриш-таъмирлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.
2021 йил 1 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексларини Қурилиш вазирлиги томонидан маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ барпо этиш, шунингдек, тегишли инфратузилма қуриш учун зарур ер участкалари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри (танлов савдоларини ўтказмасдан) шартномалар асосида ҳақ ундирилмасдан ажратилади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига асосан дастурлар доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачилар этиб ичимлик суви таъминоти объектлари (ижтимоий шериклик лойиҳалари бундан мустасно) бўйича – “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” унитар корхонаси, соҳадаги ижтимоий шериклик лойиҳалари бўйича – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, ички автомобиль йўллари (Тошкент шаҳри кўчалари бундан мустасно) бўйича – Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси, Тошкент шаҳри кўчалари бўйича – Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси масъул бўлади.
Электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқлари бўйича – тегишинча “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, телекоммуникация операторлари ва провайдерлари ҳудудий филиаллари, ижтимоий соҳа объектлари ва марказлашган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган бошқа объектлар бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ҳамда вазирлик ва идоралар ҳузуридаги буюртмачи ташкилотлар белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Дастурлар доирасида ички йўлларга қум-шағал аралашмасини ётқизиш билан боғлиқ ишларни бажариш тўғрисида тузиладиган шартномаларда 30 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади. Дастурлар билан қамраб олинган ҳудудлардаги газ истеъмолчиларига электрон газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ҳамда ушбу истеъмолчиларни табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига улаш навбатсиз амалга оширилади.
Аҳамиятли томони шундаки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг талабномаларига мувофиқ, Дастурлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари орқали “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан жами 1 триллион сўмгача маблағлар, Дастурларда кўзда тутилган тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан жорий йил якунига қадар қайтариш шарти билан босқичма-босқич 1 триллион сўмгача бюджет ссудаси маблағлари ажратилишини таъминлайди.
Дастурлар доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳажми ва смета қийматларининг асоссиз равишда ошириб юборилмаслиги устидан назорат ўрнатади ва Дастурларга киритилган қишлоқлар ва шаҳар маҳаллаларининг бош режа схемалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳудудий лойиҳа ташкилотлари томонидан олдиндан ишлаб чиқилишини ва улар билан боғлиқ тадбирларнинг тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминлайди.
Умуман олганда, жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, якка тартибдаги ва кўп квартирали уйларни, маҳалла бинолари ва гузарларини таъмирлаш, пиёда йўлакларини барпо этиш, тунги ёритиш ускуналарини ўрнатиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Ушбу қарорнинг ижроси аҳоли фаровонлигини таъминлаш баробарида, уларни муносиб турмуш кечиришига хизмат қилади.
Абдулла РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати