Мамлакатимиз ҳудудларининг, шу жумладан, олис қишлоқ ва маҳаллаларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилган. Бугунги кунда ушбу дастурларнинг изчил ҳаётга татбиқ этилиши натижасида чекка-чекка ҳудудлар замонавий қиёфа касб этиб, уларда истиқомат қилувчи юртдошларимизнинг яшаш фаровонлиги ва турмуш даражаси тобора юксалмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги ““Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш бўйича вазифалар ҳам кўзда тутилган бўлиб, унга кўра, жорий йилда 352 та объектда, 3 447,3 км узунликдаги тармоқ ва 359 та иншоотда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, мазкур ишларни амалга ошириш учун 1 трлн. 055 млрд.сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 839,3 млрд.сўмлик манзилли дастур тасдиқланган. Жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 760,8 млрд.сўм маблағ ўзлаштирилиб, 3 285 км ёки йиллик режага нисбатан 95% тармоқлар қурилиб, реконструкция қилинди.

Ушбу дастурларда кўзда тутилган 352 та объэктларга пудрат ташкилотлари Қурилиш вазирлигининг қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингида “СС” ва ундан юқори поғонага эга бўлган салоҳиятли пудрат ташкилотлар танлаб олиниб, шартномалар тузилди ҳамда қурилиш ишлари бошланди, шунингдек молиялаштириш очилди.

 Бундан ташқари, қурилиш объектларига сифатли полиэтилен қувурларни етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 230-сонли қарорига асосан “Ўзстандарт” агентлиги билан қувур ишлаб чиқарувчи корхоналар хатловдан ўтказилди.

 Ўрганишлар натижасига кўра, 222 та қувур ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари талаб даражасига мослиги ўрганилиб, шундан 32 та корхона ҳамда объектларда ишлатиладиган асосий қурилиш материаллари ва замонавий энерготежамкор асбоб-ускуналарни етказиб берувчи ташкилотлар белгилаб олинди.

 Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида 166 та объектда қурилиш-монтаж ишларини якунлаб, уларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бугунги кунда 186 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириш ҳужжатлари расмийлаштирилмоқда. Муҳими, ушбу ишлар амалга оширилиши натижасида жами 1,1 млн нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 2,9 млн нафар аҳолининг эса сув таъминоти яхшиланади.