Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди ва Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида “Очиқ эшиклар” куни бўлиб ўтди.
Унда судьялар, Олий мажлис Сенати аъзоси ва Қонунчилик палатаси депутати, тегишли маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Учтепа ва Чилонзор туманлари ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар, адлия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, солиқ инспекциялари, тиббиёт бирлашмалари, кадастр бўлимлари каби бир қатор идора ва ташкилотлар қаторида ФХДЁ, нотариуслар, “Мадад” ҳуқуқий ёрдам ННТ, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этишди.
Тадбир, икки туман аҳолисини қийнаётган муаммолар ҳамда уларни ўйлантираётган масалаларда ҳуқуқий кўмак бериш ҳамда мурожаатчиларнинг талабларини инобатга олиб, судларга мурожаат қилишнинг айрим янги тартибларини назарда тутувчи қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ташкил этилди.
“Очиқ эшиклар” кунида ҳар бир фуқаронинг мурожаати тегишлича қайд этилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак берилиб, муаммолари ваколатли ташкилотлар билан бирга ҳал этилди.
Таъкидлаш зарурки, Чилонзор туманида 51 та МФЙ, Учтепа туманида эса 60 та МФЙ мавжуд. Ушбу МФЙлари томонидан эътироф этилган 6000 дан ортиқ тизимли ижтимоий ҳимояга, зарур ҳуқуқий кўмакка эҳтиёжманд қатлам яшайди.
Судьялар эътирофига кўра, “Очиқ эшиклар” куни - ушбу тадбир натижасида ана шу қатлам - аҳоли ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда суд ва бошқа идораларнинг озгина бўлса ҳам ҳиссаси қўшилса, бундан одамлар рози бўлади.