Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда демократик сайлов қонунчилиги шаклланди. Бу борадаги дастлабки қадам 1991 йилнинг 18 ноябрида қўйилди. Айнан шу куни «Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Бўлажак сайловни миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойиллар асосида ташкил этишга эътибор қаратилган. Президент сайловига нафақат мамлакатимизда, хорижда ҳам қизиқиш тобора ортаётир. Чунки илғор демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётган янги Ўзбекистонда қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқларини, жумладан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалда кенг таъминлашга қаратилган буюк ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти улкан қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кузатиб турибди.
2021 йилнинг 8 февралида қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришга биноан мамлакатимизда Президент сайлови октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2016 йилдан Ўзбекистон ўзининг сифат жиҳатидан янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Юксалиш жараёнида инсон ҳуқуқларини кенг таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётни ва оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш, жамиятни демократлаштириш каби масалалар ислоҳотларнинг устувор йўналишларига айланди. Миллий сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти янги юксалиш поғонасига кўтарилди.
2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси бунинг яққол далилидир. Мазкур Кодекс илгари амалда бўлган сайловга оид бешта қонун ва ўнлаб қонуности ҳужжатларини ўзида мужассам этган. Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этишга сўнгги йилларда эътибор ошди.Малакатмизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар сони яна биттага кўпайиб, партиялараро рақобат сезиларли даражада кучайди. Шу йил ўтадиган сайловда конституциявий нормалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланади.Бу Ўзбекистон Республикасининг умум эътироф этилган халқаро демократик сайлов тамойилларига садоқатининг амалдаги яна бир далилидир.
Президент сайлови ҳақида таҳлилчилар сўз юритар эканлар, унинг аввалги сайловлардан тубдан фарқ қиладиган айрим жиҳатларига эътибор қаратмоқдалар.Аввало, Президент сайлови юқорида айтганимиздек, илк бор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади.2019 йилда Парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлардаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий кузатувчилар томонидан берилган тавсиялар асосида жорий йил 8 февраль ва 31 майда қабул қилинган қонунлар билан Сайлов кодекси ва бошқа қонунлардаги сайловга оид нормалар янада такомиллаштирилди. Хусусан, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, сайловчилар рўйхатига киритилиши ҳамда улар яшаётган ёки ишлаётган жойда овоз бериш имкониятининг яратилиши белгиланди; қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларига кузатувчиларнинг ташриф механизмлари соддалаштирилди; сайлов комиссиялари аъзоларига иш ҳақи ва компенсация тўланишига оид қоидалар янада мустаҳкамланди; сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифа бекор қилинди; сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланди; сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилди; сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар ўтказиш учун рухсатнома олиш ўрнига хабардор қилиш механизми белгиланди; судлар ва сайлов комиссияларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирга зид қарорлар чиқарилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятларни энди фақат судда кўриб чиқиш жорий этилди. Бир сўз билан айтганда, Президент сайлови Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.Бу йилги сайлов мамлакатимиз тараққиётининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётганлигининг ёрқин ифодаси бўлади.
Энг муҳими, Сайлов кодекси сиёсий партияларга давлат бошқарувини ташкил этиш, ғоя ва мақсадларини кенг ҳамда эркин тарғиб қилиш имкониятини беради. Сайловчилар сиёсий иродасини билдиришда бир қатор қулай шароит ва имкониятларга эга бўлади.
Қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширишлари белгилаб қўйилди.Ушбу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, сайловчиларга сиёсий хоҳиш-иродасини эркин билдириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партияларга эса сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар бериш тамойилларига асослангани билан аҳамиятлидир.
Сайловга тайёргарлик жамиятни демократлаштириш жараёнлари тобора кенгайиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли юксалиб бораётган ҳамда миллий сайлов тизимини модернизация қилиш ишлари жадаллашган шароитда амалга оширилмоқда.Ишонч билан айтишимиз мумкинки, ўз олдига мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичига кўтаришдек буюк мақсадни қўйган янги Ўзбекистонда Президент сайлови бу йил янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янги шароитда ўтади.Бунинг учун Ўзбекистонда барча ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилган: умумэътироф этилган асосий халқаро сайлов стандартлари ва нормалари имплементация қилинган миллий сайлов қонунчилиги ҳам, сайловларни ўтказиш борасида кўп йиллик миллий тажриба ҳам, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳам бор.Энг муҳими, халқаро экспертлар эътироф этганларидек, Ўзбекистон раҳбарининг миллий анъаналар ва замонавий демократия ғояларига улкан садоқати, кучли сиёсий иродаси, катта донишмандлик билан узоқни кўзлаб юритаётган аниқ ва дадил сиёсий йўли мавжуд.
Президент Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувидаги энг муҳим лавозимдир. Шу маънода сайлов нафақат номзодлар, сиёсий партиялар учун, балки сайловчилар, яъни халқимиз учун ҳам катта синов улкан имкониятдир.Сайлов демократиянинг энг муҳим белгиси, фуқаролар хоҳиш-иродаси ифодаланишининг мустаҳкам кафолатидир. Агар таққослаб кўрадиган бўлсак, одамларнинг бугунги дунёқараши билан бундан 5-10 йил олдинги тушунча ва тасаввури орасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозир фуқаролар сайлов тизими ва тартибини, ўзининг сайлаш, сайланиш ҳуқуқини яхши идрок этади. 2019 йил парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар фуқароларда сиёсий ирода ва талабчанлик ўсганини яққол кўрсатди.
Айни пайтда сайлов ташкилотчилари томонидан бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ҳамда сайловнинг миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.Ушбу муҳим сиёсий кампанияда янги Ўзбекистонда сайловчиларнинг, барча фуқароларининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, фуқаролик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этиши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.Зеро, сайловни ўтказиш айнан ана шу бўғин ташкилотчиларидан катта билим ва масъулият талаб этади. Улар сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишлардан яхши хабардор бўлса, ахборот технологияларини амалда бемалол қўллай олса, сайловнинг муваффақияти шунчалик тўкис таъминланади. Сайловчилар учун ҳам, кузатувчилар учун ҳам – ҳамма учун қулай шароит яратилади.
Ушбу тадбирларнинг барчаси пировард натижада сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишига, мамлакатимизнинг халқаро демократия индексидаги кўрсаткичлари янада яхшиланишига, аҳолининг Президент сайловида фаол иштирок этиши ва юртимиз тақдири учун дахлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.Бу сайловда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланиши учун участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари, барча сайлов ташкилотчилари ўз ишини энг илғор демократик принциплар асосида ва юксак ташкилий даражада амалга оширишини талаб қилади. Аслини олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – қайси ташкилотда ишлашимиздан қатъий назар, сайловни ташкил этувчилар учун ҳам, сайловда иштирок этадиган сиёсий партиялар учун ҳам, сайловчилар учун ҳам – барчамиз учун ғоят катта масъулиятдир. Президент сайловини барчамиз аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида демократия йўлидан оғишмай бораётган Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган дадил ислоҳотлар бераётган юксак самараларнинг қадрига етиб, аҳил-иноқликда, тинчлик-осойишталикда, миллий сайлов қонунчилигимизга риоя қилган ҳолда, муваффақиятли ўтказсак, жаҳон ҳамжамияти олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада ошади. Одамларимизнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланади. Эл-юртимиздаги қут-барака бардавом бўлади.
К.Шарипов,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Ректори, профессор