2020 йил 4 август куни Иштихон тумани «Халқобод» маҳалласида 34 ёшли фуқаро ҳамқишлоғи 27 ёшли шахсга телефон қилиб, нима мақсадда 18 ёшли синглисига SMS хабар жўнатиб тинчлигини бузаётганлигини сўраган. Натижада икки ҳамқишлоқ жанжаллашиб қолишиб, жанжал давомида мушти билан 27 ёшли йигитни бош соҳасига уриб тан жароҳати етказган.

Натижада жабрланган тан жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.