Жорий йилги сайловга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили сифатида сайловчилар билан учрашар эканман, юртдошларимизнинг ўз ҳаётидан рози, шукроналикда яшаётгани гувоҳи бўлдим. Одамлар дунёқараши тамомила ўзгаргани, ҳуқуқ ва бурчларини тушуниб етгани, янги Ўзбекистонимиз келажаги ва халқимиз бахту саодатига бефарқ эмаслигига ишондим.

Масалан, Наманган туманида истиқомат қилаётган 106 ёшли Иброҳим ота Ҳожиевнинг, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Янгиқўрғон тумани Поромон қишлоғида яшовчи 101 ёшли Муҳаммадиброҳим ота Иномовнинг теран фикрлари, ўтмишдаги оғир ва машаққатли кунлар, ҳозирги даврдаги тинчлик-осойишталик, тўкин-сочинлик, халқимиз турмуш шароити тобора яхшиланаётгани ҳақидаги самимий дил сўзлари қалбимизга мамнунлик, хотиржамлик бағишлади. Президентимиз чет давлатларга ташрифи чоғида ҳам хорижлик ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлари, мамлакатимизга инвестиция жалб этишдаги фаол саъй-ҳаракатларини кўпни кўрган нуронийлардан эшитиш завқли, уларнинг дахлдорлик туйғусига ҳавас қилса арзийди.

Дарвоқе, бир вақтлар илғорларни тақдирлаш, мукофотлашга жуда бошимиз қотгани эсимда. Уларга уйимиздаги эски гиламларни ёки колхоз омборида қолган-қутган арзимас буюмларни бериб, мукофотлаган кунларимиз бўлган. Бугун-чи? Бугун тадбиркорларга қанчадан-қанча имтиёзлар, катта-катта мукофотлар берилмоқда. Буни ҳам қўя туринг. Фаол, намунали китобхонларга Президент совғаси – автомобиль тақдим этилаётганини айтинг! Дунёдаги бирор давлатда бунақаси йўқ.

Меҳнат жамоаларида уюштирилган сайловолди учрашувларда халқимиз ўтган олти йилдаги туб ижобий ислоҳотлардан миннатдор эканини алоҳида эътироф этди. Бир вақтлар фақат Наманган вилояти марказида 5-6 қаватли саноқли уйлар мавжуд бўлгани ҳолда, ҳозир энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам баланд-баланд замонавий турар жойлар қуриляпти. Бу эса уй-жой муаммосини ҳал қилишда салмоқли аҳамиятга эгадир. Мазкур хонадонларнинг 20-30 фоизи кам таъминланган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги эҳтиёжмандларга, ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли тақдим этилаётгани тарихда бўлган эмас. Имконияти чекланган бўлса-да, спортда, илмда, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган иқтидорли ёшларимизга янги уйлар калити топширилаётгани эса диёримиздаги инсонпарварлик тамойилининг ёрқин исботидир.

Кейинги йилларда Наманган вилоятида корхоналар сони икки баробар ортиб, 800 мингдан зиёд тадбиркор фаолият юритмоқда. Бугун вилоятимиздаги ҳар бир маҳаллада ўнлаб (хусусий, оилавий, якка тартибдаги) катта-кичик корхоналар пайдо бўлиб, аҳолининг катта қисми тадбиркорликдан даромад топмоқда. Даромаддан олинадиган солиқ юки сезиларли камайтирилди. Қўшилган қиймат солиғи 12 фоизга туширилди.

Кредит ҳажмини ошириш, фоизини тушириш тадбиркорлар кутаётган янгилик эди. Президентимизнинг келгуси 7 йилга мўлжалланган сайловолди дастурида чет эл банкларини юртимизга олиб кириш, янги хусусий банклар очишни рағбарлантириш ҳамда депозитларни кенгайтириш ҳисобига кредитлар учун ресурс базасини кўтариш кўзда тутилган. Ҳар бир туманда камида 1000 иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зонаси ташкил этилади. Қўшилган қиймат солиғини қайтариш шартлари 15 тадан 5 тага қисқартирилади.

Бир пайтлар тадбиркорларимиз фаолият бошлаш учун молиявий кўмак олиш мақсадида банклар эшигида кунлаб, ойлаб сарғаярди. Энди тадбиркорликни ривожлантириш учун шундай шароит яратилганки, банк ходимлари билан биргаликда барча даражадаги раҳбарларимиз маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, ишбилармонларга ҳар томонлама ёрдамлашмоқда.

Молиявий етишмовчиликлар, нақд пул муаммоси, пластик картасидаги маблағларни нақдлаштириш нафақат тадбиркорларни, балки барча касб эгалари, шу жумладан, пенсионер нуронийларни ҳам ташвишга солган даврлар ортда қолди. Бугун энг олис қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам банк шохобчалари, туну кун ишлайдиган банкоматлар элимиз хизматида. Ажратилаётган субсидия, кредит ва бошқа молиявий кўмаклар фақат инсонлар манфаати учун, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун йўналтирилганини ҳар биримиз тўлиқ ҳис қиляпмиз.

Бугун “Инсон қадри учун” тамойили жазони ижро этиш муассасаларига ҳам кириб борди. Яқинда Поп туманидаги шундай муассасада ташкил этилган сайловолди учрашув менда ўзгача таассурот уйғотди. Президентимиз фаолияти ва яқин 7 йиллик муддатда амалга ошириладиган дастурни жазо муддатини ўтаётган шахслар катта қизиқиш билан қабул қилди. Гарчи, билиб-билмай қилган жинояти учун жазо ўтаётган бўлса-да, уларнинг кўзларидан ўз Президентини сайлашдек имконият яратилганидан бениҳоя хурсандлигини, ўз навбатида, Ўзбекистонимизнинг равнақи ва халқимиз бахту саодати учун хизмат қилишдек эзгу ишлардан қисман маҳрум эканидан ўкинч аломатларини кўриш мумкин эди.

Сайловчилар билан мулоқотларда жойлардаги мавжуд камчиликлар, халқимизни ранжитаётган ҳолатларни бартараф этишга доир адолатли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Учқўрғон тумани “Саноат” МФЙ фуқароси Мағфират Раҳимова моддий ёрдам сўраганида шу ернинг ўзида туман мутасаддилари масалага ижобий ечим топди.

Одамлар ичимлик сув таъминоти, электр тармоқларини янгилаш, мактабгача таълим ва мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, йўлларни шағаллаш, асфальтлаш каби масалаларни очиқ-ойдин айтгани сайловолди тарғибот жараёнининг қанчалик шаффоф ташкил этилганини намойиш этиш баробарида Президентликка энг муносиб номзодни танлашда халқ ишончини кучайтирди.

Жорий йил 14 июль куни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма йиғилишида қайта сайланган давлатимиз раҳбари нутқини катта ҳаяжон ва диққат билан тинглар эканман, Ўзбекистон келажаги ва халқимизнинг бахту иқболи ишончли қўлда эканига яна бир бор амин бўлдим.

Тантанали йиғилишда бир олам таассурот, янгича назар ва улкан мақсадлар бутун вужудимни қамраб олгандек эди гўё. Эртасигаёқ Чортоқ туманидаги Оқтерак маҳалласида “Нуроний” жамғармаси вилоят, туман, шаҳарлардаги масъуллари, фаол нуронийлар, ёшлар вакиллари иштирокида маънавий тадбир уюштирилди. Асосий мавзу Президентимизнинг ўз лавозимига расман киришишига бағишланган маросимда сўзлаган тарихий нутқи мазмун-моҳияти бўлди. Маърузанинг мазмун-моҳиятини гапириб берар эканман, жамиятимизнинг турли қатламларига алоҳида-алоҳида мурожаат этилгани, айниқса, нуронийларга аталган қуйидаги қайдларни ғурур-ифтихор билан тилга олдим: “Мен билан бир сафда сизлардек азиз қадрдонларим, дуогўй отахон ва онахонларимиз, азамат ака-укаларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, азму шижоатли ёшларимиз борлиги менга битмас-туганмас куч-ғайрат, руҳ ва илҳом беради”.

Тадбирда Чортоқ тумани Дамариқ маҳалласининг “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари, биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Абдуллажон Ўринбоев таассуротлари билан ўртоқлашди. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Шаҳзода Абдуҳамидова, “Китобхон – 2023” республика кўрик-танлови ғолиби, оиласига “Спарк” автомобилини келтирган Замира Абдуллаева Президент сайловида нуронийлар ва ёшларнинг ҳар тарафлама ибрат кўрсатгани ҳамда давлатимиз раҳбари нутқидаги муҳим жиҳатларга қисқача тўхталди. Қизларимизнинг ҳаяжонли сўзларини эшитар эканман, беихтиёр давлатимиз раҳбарининг фарзандларимизга қарата айтган гапи қулоғим остида жаранглади: “Ёшлик – ғанимат, вақт – ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг! Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етинг! Дунёга ўз сўзингизни айтинг! Изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг!”

Президентимизнинг ўтган даврдаги тегишли фармон ва қарорлари нуронийларни эъзозлаш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш ва ижтимоий фаоллигини оширишда кескин бурилиш даврига асос бўлди.

Биргина жорий йилнинг олти ойида “Нуроний” жамғармаси кўмаги билан вилоятимиздаги 243,5 минг нуронийни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ният-мақсадларини рўёбга чиқариш ва ижтимоий фаоллигини ошириш учун талайгина ишлар бажарилди. Вилоят ва туман (шаҳар)лардаги 15 нафардан иборат Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари ва 788 МФЙдаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари таркиби қайта кўриб чиқилди ҳамда тажрибали ва ташаббускор нуронийлар ҳисобига мустаҳкамланди. Шу йилнинг ўтган даврида нуронийлар иштирокида 20 минг 650 дан зиёд маънавий-маърифий ва спорт тадбири ташкил этилди.

Бугун пиру бадавлатларимиз ҳам замон руҳи ва шиддатига мос равишда яшамоқда. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ, 788 маҳалладаги 1666 нуронийга 16 минг 660 уюшмаган ва муаммоли ёш, ижтимоий муаммоси бўлган оилаларни бириктирган ҳолда тарбиявий ишлар ва маънавий-маърифий лойиҳалар, якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Пировардида бугунги кунга қадар 12 мингга яқин ёш бекорчиликдан ва ёмон қилмишлардан қайтиб, тўғри йўлга тушиб олди.

“Нуронийлар ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида муаммоли 1228 оилага кўпни кўрган отахону онахонлар бириктирилиб, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, оилаларни мустаҳкамлаш чоралари кўрилди. Тарғибот ишлари орқали ҳамкор ташкилотлар билан кўплаб масалалар ижросига кўмаклашилди, 452 оила ажрашишининг олди олинди. Бириктирилган оилаларнинг 651 таси ёки 53 фоизида ижтимоий барқарорлик таъминланди. Жумладан, Поп тумани “Янги тўда” МФЙда яшовчи И.Мамадалиев оиласидаги келишмовчилик “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари аралашуви билан бартараф этилди.

Нуронийлар жамоатчилик кенгаши ва маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари 25 мингта жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказди. Бунда асосий эътибор нуронийларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий соҳадаги муаммолари, жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармон нархлари сунъий ошиши ва мактабларда ўқувчилар давомати, тадбиркорлик фаолияти, бандлик, томорқадан фойдаланиш, мавжуд ресурслар (табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув), “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасидаги ишларга қаратилди. Жумладан, шу йил 2 июнда Поп туманидаги Ғурумсарой қишлоғида транспорт хизмати кўрсатишдаги йўлкира ҳақи ўрганилди. Ўрганиш якунларини “Ғуломжон лидер-транс” АЖ таъсисчиси Жасурбек Ғуломов назоратга олиб, йўлкира баҳоси 5 минг сўмга туширилди.

“Икки тил, бир касб” тамойили бўйича янги жорий этилган услубда ёшларнинг ҳунар ўрганиши ва чет тилни ўзлаштириши қўллаб-қувватланди. Наманган шаҳридаги 7, Янгиқўрғон туманидаги 10-умумтаълим мактаблари тажрибасини оммалаштириш режаси ишлаб чиқилди.

“Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва бошқа манфаатдор идора, ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йилнинг 1 июлигача фахрий нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида 3381 марта “Уч авлод учрашуви” тадбири ташкил этилди ва 137,3 минг нуроний, ўрта авлод вакили ҳамда 210,7 минг йигит-қиз қамраб олинди. Тадбирлар савияси ва таъсирчанлигини таъминлаш учун “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви томонидан мақсадли маблағ (34 миллион сўм) ажратилди. 23 июнь куни Поп тумани “Миришкор” МФЙдаги Н-ҳарбий қисмдаги “Уч авлод учрашуви” кўтаринки руҳда уюштирилгани билан ёдимизга муҳрланди. “Ватанни ардоқлаймиз” мавзусидаги мазкур маънавий тадбирда 45 нуроний ва ўрта авлод вакиллари, 150 дан ортиқ ёш жамланди.

Спорт иншоотларида жисмоний тарбия билан шуғулланаётган, ўзгалар парваришига муҳтож нуронийларнинг 10,1 миллион сўмлик харажатлари жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди. Туман (шаҳар)ларда касб-ҳунарга эга бўлмаган, ишсиз ва уюшмаган ёшлар билан фахрли ютуқларни қўлга киритган спортчилар, фан олимпиадаси ғолиблари ҳамда ўзини ўзи иш билан банд этган ногиронлиги бўлган фуқаролар “Матонат ва жасорат” тадбирларига жалб этилди. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд нуронийларга 86,4 миллион сўмлик, фаол фахрийларга эса 14,2 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди ва рағбатлантирилди.

Рамазон ойи муносабати билан кам таъминланган 403 нафар нуронийга 40,3 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилди. Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган кексаларнинг ҳар бири моддий рағбатлантирилди. Жорий йил бошидан айни пайтгача 42 минг 830 нуроний вилоятимиз ва Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига саёҳатга борди. “Нуроний” жамғармаси маблағи эвазига ўзгалар парваришига муҳтож ва якка-ёлғиз 832 нафар нуроний Фарғонадаги “Бешчашма” сиҳатгоҳида имтиёзли дам олди. 2022 йилда улар сони 64 нафар эди.

Бу каби мисолларга нима учун мурожаат қилдик? Айрим ташвишли ва мураккаб вазиятларни эслаб, бугун билан таққослар эканман, беихтиёр кўзимга ёш келади. Очиғи, 2004-2005 йилларда нафақаларни молиялаштиришга маблағ етишмасди. Буни молиялаштириш Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси зиммасига юклатилган бўлса-да, асосий юк вилоятлар тушумларига боғланиб қолганди. Ўшанда вилоят ҳокими эдим. Ўзини ўзи қоплайдиган вилоятлар нисбатан яхши шароитда бўлиб, Наманган ва дотациядаги яна бир қатор вилоятларда пенсия учун маблағларни молиялаштириш қийин кечарди. Ҳолатни тартибга солувчи идоралар эшигини тақиллатиб, илтимос қилишга мажбур эдик. Пенсия олувчиларга нақд пул топиш эса бундан ҳам мушкул эди. Шошма-шошарлик билан пластик карталарни муомалага киритиш нуронийларни сарсон-саргардон этганини унутиб бўлмайди. Тўғри-да, пенсияни икки-уч ойлаб кечикиб олса ва пластик картасига туширилган шахсий маблағини 15-17 фоиз зарарига нақдлаштирса, бу ҳар қандай инсоннинг нафсониятига тегади, алами келади.

Минг шукрки, 2017 йилнинг февралидан бошлаб шу муаммолар бутунлай бартараф этилди. Эндиликда вилоятимиздаги 350 мингдан зиёд пенсия ва нафақа олувчига ҳар ой бошида кечиктирилмасдан пул тўланмоқда. Улар ўз пулларини хоҳишига кўра, нақд шаклда ёки пластик карталар орқали олиши мумкин. Қолаверса, энг чекка қишлоқларда ҳам банкоматлар ва замонавий савдо комплекслари эртаю кеч ишлаб турибди.

Тағин бир муаммони айтмасам бўлмайди. Тўғри, авваллари ҳам қурилиш ва ишлаб чиқариш, ижтимоий объектлар барпо этиш юзасидан дастур ва режалар бўлар эди. Бироқ кўп ҳолларда уларнинг молиявий манбалари бўлмаганидан айрим чора-тадбирларни бажариш ярим йўлда қолар ёки умуман бошланмас эди. Айниқса, аҳолига уй-жой қуришга етарли эътибор берилмас, қурилаётгани ҳам марказлашган маблағлар камлиги боис корхона ва ташкилотлар ҳисобидан ёки йирик фоизли банк кредити билан уй қуришга кўникилганди.

Сўнгги йилларда барча соҳаларда улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик дастурларини қабул қилиш баробарида уларнинг молиявий манбалари ҳам аниқ-тиниқ белгиланмоқда. Кўп қаватли уйлар кенг кўламда ва сифатли қад ростлаяпти, қурилиш индустрияси тараққий этди, янги иш ўринлари яратилмоқда. Ипотека кредитлари ривожланди. Озодлик, ободлик, фаровонлик ва қулай тадбиркорлик муҳити туфайли ички ва ташқи инвестиция ҳажми, шунга мос равишда туризм жозибадорлиги ҳам каррасига ўсмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, қадрли журналист ва блогерларимизга раҳмат айтмоқчиман. Хайрия-саховат тадбирларимиз бўладими ёки сайлов жараёнидаги нуронийлар ибратими, умуман, қизғин фаолиятимизни республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари мунтазам ёритиб келмоқда. Шунга қарамай, муваффақиятларимиз билан ҳеч қачон хотиржамликка берилмаслигимиз лозим. Улар тарих зарварақларига муҳрланди. Янги марралар сари дадил қадам ташламиз керак. Шундагина халқимизни рози қилишимиз мумкин.

“Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт”, деди Президентимиз.

Бу ҳаётий даъват халқимиз мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўраётган шу кунларда янада улуғворлик касб этади. Боиси, Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси танлангани барчамизни янги марралар сари чорлайди. Бунда ҳар бир куннинг қадрига етиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш қанчалик муҳимлигини давр шиддати ва ислоҳотлар руҳи ҳам англатиб турибди.

Бугунги Ўзбекистонимиз янги тараққиёт чўққилари томон интилмоқда, бу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик ва фидойилик кўрсатиш орқали олдимизга қўйилган буюк мақсадларга эришамиз. Иккиланиш, қўрқув ва умидсизлик бўлмаслиги даркор, энди ортга қайтиш йўқ, фақат олға юрамиз!

Халқимизни Яратганнинг ўзи асрасин, дуогўй отахон-онахонларимизнинг эзгу ниятлари ушалаверсин, роҳат-фароғатда, доруломон дамларда умргузаронлик қилишларига тилакдошмиз.

Икромхон НАЖМИДДИНОВ,

“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси,

Олий Мажлис Сенати аъзоси