Президентимизнинг 27–28 июль кунлари қишлоқ хўжалиги ва саноатдаги йирик лойиҳалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда маҳаллалар ҳаёти билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига қилган сафари хайрли ишлар, самимий мулоқотларга бой бўлганлиги билан эсда қолди.
Амалий ташриф ва мулоқотлар якунига етганидан буён бир неча кун ўтган бўлса-да меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги катта-кичик давралар, оилавий дастурхон атрофида Президент ташрифи тафсилотлари, таассуротлари ҳақидаги суҳбатлар, эътирофлар бир дам бўлса-да тўхтагани йўқ. Бу бежиз эмас, албатта.
Энг муҳими, бугунги ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон қадр-қиммати, шаънини янада юксалтиришга хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жойларда кенг кўламда қулоч ёзиб, халқ розилиги йўлида амалга оширилаётган ишлар оддий одамлар ҳаётига кириб бормоқда.
Осмон узум, ер узум
Президентимиз узумзоримизга келиб кетганидан буён қайси давра, тўй, маъракага борсам бўлиб ўтган учрашув ҳақида сўрашади. Суҳбат таассуротларини айтиб чарчамайман. Албатта, бу мен учун катта фахр бўлиш билан бирга, зиммамга масъулият ҳам юклайди. Энди янада кўпроқ ишлаш, изланишлар талаб этаётганини ҳис қиляпман.
Фермер хўжалигимиз иш тажрибаси билан яқиндан танишиш истагида бўлган ҳамюртларимиз сафи кундан кунга кенгайиб бормоқда. Куни кеча Фарғона вилоятида узум етиштиришда Олтиариқ тажрибасини жорий этиш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирликлар, Қорақалпоғистон Республикасидан соҳа масъуллари, барча вилоятларнинг ҳоким ўринбосарлари, туман ҳокимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар иштирок этиб, узумчиликда Олтиариқ тажрибасини жорий қилиш, токзорларни кўпайтириш бўйича амалий ишлар билан танишди.
Кейинги йилларда мева-сабзавотчилик соҳасини янада ривожлантириш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, оммалаштириш борасида бошланган ишлар ўз самарасини берди. Хусусан, биз яшаб турган Олтиариқ туманида ҳам узумчиликни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда.
Президентимизнинг мева-сабзавотчилик соҳасида қўшимча қиймат занжирини яратиш, узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарори ҳамда бу соҳани ривожлантириш борасидаги сайъ-ҳаракатларидан руҳланиб, 2020 йилда умумий майдони 75 гектардан иборат бўлган узумчилик плантациясини барпо қилдим. Бу ерда “ҳусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “мерседес” каби узум навлари етиштирилмоқда. Улар келгуси йилдан тўлиқ ҳосилга киради ва мавсумда 3 минг тоннадан ортиқ узум етиштирилади.
Бизнинг амалий ишларимиз билан яқиндан танишиш мақсадида Юртбошимизнинг боғимизга келгани нафақат менга, балки бутун фарғоналикларга чексиз қувонч бағишлади. Боиси, Президент ташрифи давомида халқнинг қувончу шодликларига шерик бўлиш билан бирга, одамларни ўйлантираётган муаммоларга ҳам ечим топилади. Бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. Тўғрисини айтсам, Президент билан юзма-юз гаплашишни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Минг шукурки, бугун юрт отаси билан дилдан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим.
Суҳбатимиз давомида биз, тадбиркорларнинг келажагини, шу билан бирга, етиштираётган маҳсулотларимиз бозорини, экспортини кўпайтириш, қўллаб-қувватлаш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида берган саволлари ҳамда кўрсатмаларидан бошим осмонга етди. Давлатимиз раҳбарининг самимийлиги суҳбатимизга ўзгача шукуҳ бағишлади, бундан қалбим чексиз фахр-ифтихорга тўлди. Теран нигоҳи, самимийлиги ва бизга бўлган ишончи мени ҳайратга солди. Келгусида, албатта, менга билдирилган ишончни оқлаш ва Ватанимиз иқтисодиётига янада кўпроқ ҳисса қўшиш йўлида астойдил меҳнат қиламан.
Исақжон БОЙМАТОВ,
Олтиариқ туманидаги “Хайрулло Баҳром
Бойматов” фермер хўжалиги раҳбари.
Ҳаётимнинг янги даври бошланди
Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига қилган ташрифи ҳақида оммавий ахброт воситлари, ижтимоий тармоқлардаги тезкор маълумотлар билан танишиб тургандим. Менга: “Туғилиб ўсган уйингизга Президент келаркан”, дейишди. Очиғи, аввалига бунга унча ишонмадим. Ахир, чекка қишлоқ, оддий бир оила хонадонига мамлакат раҳбарининг келиши мўъжиза-ку!
Катта ҳаяжон билан ота уйимга етиб бордим. Ота-онам бошчилигида барча оила аъзоларимиз мартабали меҳмонни интиқиб кутишаётган экан. Ниҳоят, биз кутган мўъжиза реал ҳаётга кўчиб, давлатимиз раҳбари ҳовлимизга кириб келди. Отажоним ва онажоним билан самимий кўришди. Ҳовлимизга келган маҳалладошларимиз ва нуронийлар билан ҳам дилдан суҳбат қурди. Аҳолининг кунлик турмуш тарзи, ўй-қарашлари, орзу мақсадлари билан қизиқди. Шу паллада хаёлимда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” тамойили асосида олиб борилаётган оламшумул ислоҳотларнинг меъмори бўлган Президентимизга миннатдорчилик билдириб қўйиш истаги пайдо бўлди.
Табиийки, катта ҳаяжон билан ўзимнинг касбимдан келиб чиқиб, таълим, жумладан, мактабгача таълим соҳасига катта эътибор бераётганлиги учун барча устозлар номидан миннатдорчилик билдирдим. Дил изҳоримни самимий қабул қилган Юртбошимиз кутилмаганда: “Орзуингиз нима?” деб сўраб қолдилар.
Мен Қўқон давлат педагогика институтининг мактабгача таълим йўналишида сиртдан ўқиш ниятим борлигини, бироқ ҳозирча орзуим ушалиши учун иш стажим озгина етмаётганини, стажим етиши билан олий таълим олмоқчи эканлигимни айтдим. Кейинги жараёнларни сўз билан ифодалай олмайман. Менга ўз севган касбим бўйича олий таълим йўналишида ўқиш учун имконият яратиб берганлигини эшитиб кўзимга қувонч ёшлари келди.
Шундай меҳрибон, олийжаноб ва самимий Президентимиз борлигидан фархрланиб кетдим. Бу ҳайрат, ҳис-ҳаяжон кунлар ўтса-да қалбимни тарк этгани йўқ. Қўни-қўшни, ҳамкасб дугоналарим Президент билан бўлган мулоқот ҳақида сўрашса, тўлқинланиб ҳануз йиғлаб юборяпман. Ахир бу кун ҳаётимда янги имконият, янги саҳифалар очган мўъжизавий куни сифатида бир умр эсимда қолди.
Давлатой ҚЎРЧИЕВА,
Бағдод туманидаги 23-ДМТТ тарбиячиси.
Маҳалламиз энг обод маскан бўлади
Қишлоғимизга мамлакатимиз Президентининг ташрифи кўҳна масканга янги ҳаёт, фаровонлик олиб келди. Маҳалламиздаги 636 та хонадонда 3 мингга яқин аҳоли яшайди. Маҳалламизнинг ўсиш нуқтаси – деҳқончилик, чорвачилик, тикувчилик. Кейинги йилларда маҳалла фуқаролар йиғинлари иш самарадорлигини яхшилаш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш тарзи учун муҳим бўлган шарт-шароитлар яратиб бериш йўлида олиб борилаётган амалий ислоҳотлар бизнинг маҳаллада ҳам бўй кўрсатмоқда. Эски, гувалак деворли уй-жойлар ўрнида янги меъморий ечимга эга бўлган замонавий бинолар, хизмат кўрсатиш тармоқлари қурилди. Ёзда чанг, қишда лойга ботган кўчаларни шағаллаштириш, асфальт ётқизиш борсида олиб борилаётган ишлар кўлами кундан кунга кенгайиб бормоқда. Шу кунга қадар 4 километрдан ортиқ ички йўллар асфальтланди, кўча чироқлари ўрнатилди, 600 метрдан ортиқ тоза ичимлик сув тармоқлари тортилди. Ҳар бир мурожаат, муаммо маҳалла билан бамаслаҳат ҳал этиб келиняпти. Кейинги икки йилда маҳалламизда жиноятчилик билан боғлиқ салбий ҳолатлар қайд этилгани йўқ.
Президентимиз маҳалладошларимиз билан қилган самимий мулоқотида аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун керакли бўлган муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш, бандлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларга баргаликда ечим топиш хусусида айтган фикрлари, таклифларини тинглаб янги Ўзбекистонимизда эл азиз, инсон азиз эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Мулоқот жараёнида давлатимиз раҳбарининг “Мендан қандай ёрдам керак” деган гапларини эшитиб ғурурланиб кетдим. Ҳудудимиздаги 22-умумтаълим мактабига қўшимча бино қуриш кераклиги ҳақида айтган таклифим Президентимиз томонидан қўллаб-қувваланиб, янги бино қуриш борасида бошланган ишлари халқимиз қалбига ғурур-ифтихор бағишлади. Энг муҳими, бу улкан амалий ташриф каттаю кичик кўнглини чароғон қилди, янги мақсад ва марралар сари дадил қадам ташлашга даъват этди.
Соҳибжон АКБАРОВ,
Бағдод туманидаги “Хитой”
маҳала фуқаролар йиғини раиси.
***
Сирасини айтганда, бугун ким билан суҳбатлашманг, юрт тараққиёти, эл фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган янгиланиш, ўзгаришлардан мамнун эканлигини таъкидлайди. Чунки, янги Фарғонанинг ҳар бир тонги, ҳар бир куни шиддатли бунёдкорликларга бой. Асосийси, одамлар ҳаётдан рози бўлиб, юртимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қилмоқда, нуронийларимиз дилида шукроналик мужассам.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.