Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон жавлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 4 кун давом этган оғир атлетика бўйича мамлакат кубоги якунига етди. Унда 130 нафар эркак ва аёл спортчи ғолиблик учун супачага чиқди.
Спортчилар 10 тадан вазн тоифасида мусобақалашди. Медаллар жамғаришда Тошкент вилояти вакиллари жами 12 та медаль (5 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза) билан 1-ўринни эгаллади. 2-натижани умумий 8 та медаль (3-4-1) билан Самарқанд спортчилари қайд этишган бўлса, кучли учликни 9 та медаль (2-5-2) тўплаган Хоразм вилояти полвонлари якунлаб берди.
Мусобақада шунингдек, энг яхши эркаклар ва аёллар жамоалари ҳамда спортчилари номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Унга кўра, очко ҳисобига кўра энг яхши эркаклар жамоаси номинациясини Самарқанд, энг яхши аёллар жамоаси ғолиблигини Хоразм вилояти қўлга киритди.
Энг яхши эркак спортчи номига наманганлик Адҳамжон Эргашев, энг яхши аёл спортчи шарафига эса бухоролик Нигора Абдуллаева сазовор бўлди.