Айни ҳудудга Маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ташриф буюриб, маҳаллада олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида маҳалла ҳудудида жойлашган Сардоба-1 қишлоғидаги ободонлаштириш ишларининг бориши, аҳоли хонадонларининг санитария ҳолатларини яхшилаш бўйича йўлга қўйилган ишларни кўздан кечирди. Қишлоқдаги саховатпеша ва ташаббускор ҳомийлар томонидан олиб борилган кенг кўламли лойиҳалар ижроси билан танишди.
Вазир Р.Маматов “Бўзачи” маҳалласи раиси Г. Нарзиева ҳамда маҳалла раислари ўринбосарлари билан суҳбат ўтказиб, ҳудуддаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан олиб борилаётган ишларни янада фаол ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
Шунингдек, аҳоли мурожаатлари асосида аниқланган мавжуд муаммоларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилот раҳбарларига зарур топшириқлар берди.
Ташриф давомида Қоровулбозор тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ш.Рахмонова томонидан тумандаги "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга кўрсатилаётган амалий ёрдам тафсилотларига бағишланган тақдимот намойиш этилди.