Кенг кўламли ислоҳотлар халқимизда янги Ўзбекистоннинг келажагига катта умид ва мустаҳкам ишонч уйғотмоқда. Чунки одамлар ислоҳотлар самарасини кўзлари билан кўриб, қалблари билан ҳис этиб турибди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарорида ҳудуддаги мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳисобига чорвачиликни ривожлантириш, замонавий технологиялар асосида чорва комплекслари қуриш, аҳоли истеъмоли учун сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжатда 2019-2021 йилларда 35 та лойиҳа асосида шунча чорвачилик комплекси қуриш белгиланган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 746 миллиард 598 миллион сўмни ташкил этади.
Хўш, қарорда белгиланган вазифалар қай даражада бажарилмоқда? Қилинаётган ишлар кутилган натижани беряптими? Мазкур лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилиши назоратдами? Шу саволлар билан Оҳангарон тумани ҳокимига юзландик.
— Туманимизда тадбиркорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илмий ёндашувлар ва илғор замонавий технологияларни ҳаётга кенг жорий этиш, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни янада кенгайтириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва даромадларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди ҳоким Абдурасул Абдуллаев. — Давлатимиз раҳбари Оҳангарон туманига ташрифи чоғида ҳудудни чорвачиликка ихтисослаштириш, бунинг учун чорвачилик комплексларини ташкил этиш юзасидан топшириқ берган эди. Ушбу топшириқ ва Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, туманимизда қорамолчиликка ихтисослашган 17 та, қўй-эчкичиликка ихтисослашган 13 та чорвачилик комплекси жадал суръатларда қурилмоқда. Ҳозир чорвачиликка ихтисослашган фермерларимиз сони 161 тадан 210 тага кўпайди. Айни пайтда туманда қўй-эчкичилик йўналишида 148 та, қорамолчилик йўналишида 56 та, йилқичилик йўналишида 6 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.
Лойиҳаларни бажариш учун ўтган йили хориждан ангус ва симментал зотли 1 390 бош, шу йилнинг январь — февраль ойларида эса 1 425 бош йирик шохли мол, шунингдек, ўтган йили ҳисори ва эдилбай зотли 5 300 бош, жорий йилнинг дастлабки икки ойида 2 050 бош қўй келтирилди. Чорвачилик йўналишида қиймати 936,9 миллиард сўмлик 100 та лойиҳа мавжуд. Бу, албатта, Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисининг сут ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга ижобий таъсир кўрсатади. Замонавий чорва комплекслари сони ўтган йили 49 тага етган бўлса, жорий йилда 21 та ферма ишга тушади. Чорвачилик йўналишида ишга тушириладиган корхоналарда 2 400 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.
“Убайд” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ulug`nur” фермер хўжалигининг янги чорвачилик комплексидаги қурилиш жараёни билан танишдик.
Оҳангарон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Элёр Ўтбосаровнинг таъкидлашича, бу ерда қиймати 27 миллиард 720 миллион сўмлик мажмуа барпо этилиб, йилига 300 тонна гўшт етиштириш ва 55 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. “Ohangaron bo`rdoqi mollari” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Чинор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қиймати 7 миллиард 311 миллион сўмлик чорвачилик комплекси қурилиши бошлаб юборилган. Лойиҳа бўйича чет элдан 2000 бош наслли майда шохли мол келтирилиб, йилига 38 тонна гўшт ва 36 тонна жун ишлаб чиқарилади. Энг асосийси, туманда Чорвачилик ва наслчилик илмий-тадқиқот институтининг Оҳангарон филиали ташкил этилиб, малакали олимлар соҳага илм-фан ютуқларини татбиқ этиш билан шуғулланади.
“Isa halol” масъулияти чекланган жамиятида чорвадорлар ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, соҳа ортида барака, ҳалол ризқ ва даромад борлигига амин бўлдик.
— Болалигимдан тадбиркорликка қизиқиб келаман, — дейди МЧЖ раҳбари Афзал Қаюмов. — Ёшликдаги орзуимни амалга ошириш учун ўқишдан, изланишдан бир муддат ҳам тўхтамадим. Корхонамизни 2019 йил октябрда ташкил этгандик. Ҳозир 178 гектар еримиз бор. Чорвачиликни даставвал 250 бош мол билан бошлаган бўлсак, айни пайтга келиб 485 бошга етказдик. Йилига 6 тонна гўшт, 10 тонна сут маҳсулотларини ички бозорга етказиб берамиз. Эзгу ниятларимиз кўп. Яқин келажакда сутни қайта ишлайдиган цех ташкил қилмоқчимиз. Президентимиз чорвадор, тадбиркор бўламан деганга барча имкониятларни яратиб бермоқда. Бизнинг вазифамиз шу юрт ободлиги, халқ фаровонлиги учун ишлаш.
Афзалнинг билдиришича, яқин кунларда Австриядан симментал зотли 186 бош қорамол олиб келишни режалаштирган. Шу йилнинг охиригача қорамоллари сонини 1200 тага етказиб, 30 та янги иш ўрни яратмоқчи. МЧЖда айни пайтда 14 нафар ёш меҳнат қиляпти.
“Янгиҳаёт” маҳалласидаги “Абдураҳим ота” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишиш жараёнида чет давлатдан келтирилганига эндигина икки кун бўлган чорва молларини кўрдик.
— Яқинда иш бошлаган мазкур корхона сутчиликка ихтисослашган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 63 миллиард сўмни ташкил этади, — дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тўлқин Тўраев. — Шу йил охиригача қорамоллар сони 1200 тага етказилиб, 30 та янги иш ўрни яратилади. Дастлабки босқичда йилига 6 минг тонна сут ва 10 тонна гўшт етиштиришни кўзда тутувчи ушбу лойиҳа учун 546 гектар ер ажратиб берилди. Яқин кунларда бу ерда бўлажак чорвадорларни ўқитишга мўлжалланган илмий-ўқув марказимиз ҳам иш бошлайди. Тадбиркор ўзига ажратилган ерга озуқа экинларига томчилатиб суғориш технологиясини татбиқ этмоқда. Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, туманимизда сўнгги бир йилда шохли қорамоллар сони 5,5 фоиз, сигирлар сони 1,8 фоиз, қўй ва эчкилар сони 2,5 фоизга кўпайди.
Бугун Оҳангарон туманида чорвачилик катта суръатларда ривожланаётир. Туманда чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни янада тараққий эттириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва даромадларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондириш билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбир