Шу боис, суғориш тизимида тежамкор технологияларни жорий этиш, томчиси тиллога тенг об-ҳаёт исроф бўлишининг олдини олиш лозим.

Оҳангарон туманида ҳам сув ва энергияни тежайдиган замонавий технологияларни жалб этиш мўлжалланяпти. Чорвачилик комплекслари ва фермер хўжаликларида бундай замонавий усулга қизиқиш ортиб бормоқда. Боиси, ҳудуднинг кўпчилик қисми лалми майдонлардан иборат.

Австриянинг BAUER GmbH компанияси туман фермерлари учун бир неча лойиҳа таклиф этяпти. Масалан, томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланган шароитида кам об-ҳаёт сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради. Ёмғирлатиб суғориш натижасида ғалла ҳосилдорлиги 15 фоизга, маккажўхори, беда, мош 20 фоизга, картошка эса 25 фоизга ортади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотларига кўра, сув ва энергия тежамкор технологиялари билан дунёда нуфузли бўлган компания Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Наманган вилоятларида ҳам лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.