Аввал хабар қилинганидек, экология инспектори Оҳангарон туманидаги «Ойбулоқ» МЧЖ ҳудудидаги «Тараққиёт Бахтиёр» фермер хўжалигига ғалладан бўшаган майдонларда сомон қолдиқлари ёқиб юборилиши билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида келган.

Маълум бўлишича, инспектор "Ойбулоқ"да яшовчи 1993 йилда туғилган фуқаро Ф.Ў.га нисбатан баённома расмийлаштирмоқчи бўлган пайтда Ф. О. инспекторга тан жароҳати етказиб, хизмат гувоҳномаси ва ҳужжатларини йиртиб ташлаган. Тиббий текширув натижасида инспекторда "ўнг кўз конюктинга қон қуйилиши, бурун, ўнг яноқ, чап кўкрак усти сидирилган" жароҳатлари борлиги аниқланди.

Фуқаро Ф.Ў. Оҳангарон вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддасига асосан ушланган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми ва 227-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошида ташкил этилган Экология вазирлиги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатларга нисбатан кескин муносабатда бўлиб, аниқланган нохуш ҳолатларга тезкорлик билан чора кўрмоқда.

Афсуски, шунга қарамай, экологик мувозанатни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлмаган фуқаролар ҳам учраб турибди.

Айни пайтда мамлакатимиз раҳбариятининг ва бефарқ бўлмаган фуқароларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли экология инспекторларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари борасидаги фаолияти янада кучайтирилди.

Шунингдек, Экология вазирлигининг экология инспектори Бош прокуратура, Ички ишлар вазирликлари ва Миллий гвардия ходимлари билан биргаликда амалдаги қонун ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида дарахтларни ноқонуний кесиш, қушларни ноқонуний овлаш ва умуман экология соҳасидаги бошқа қонун бузилиши ҳолатларига қарши кескин кураш олиб бормоқда.

Бу шуни англатадики, экология соҳасидаги ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар қаттиқ жазоланади.