Қўмита раиси Сирдарёга ташрифини Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи кўрик танлови ғолиб ва совриндорларини табриклаш тадбиридан бошлади. Сўнгра маҳалла фаоллари, туман шаҳар ҳокими ўринбосарлари - Оила ва хотин қизлар бўлими бошликлари билан учрашиб суҳбатлашди ва бир қатор топшириқлар берди.
Хусусан, вилоятнинг Гулистон туманида ҳам бу борада жиддий чора-тадбирлар амалга ошириш вақти келди. Туман кесимида шу йилнинг 4 ойида 42 та ажрим бўлган, 14 оила ажрим ёқасида. Эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сонининг ўсиб бориши кўп ҳолларда йўқчиликдан, тўқчиликдан келиб чиқяпти. Ҳурмат, кечиримлилик ва ўзаро бир-бирини тушунишнинг йўқлиги, фарзанд тарбиясига, унинг камол топиши йўлида ота-оналарнинг тарбия бобида шахсий намуна кўрсатиш даражасининг сусайиши ёки зиммадаги «никоҳ» деб аталмиш муқаддас ришта ва «оила» деб аталмиш қўрғоннинг юксак масъулиятини ҳис қилмаслик, ота-оналарнинг ёшларнинг оилавий шахсий ишларига ҳаддан зиёда аралашуви каби ҳолатлар кўзга ташланяпти.
Туман бўйича хотин-қизлар ўртасида 1 142 нафар ишсиз рўйхатга олинган, уларнинг ярми иш билан таъминланди, қолганларни ҳам тадбиркорликка йўналтириш, қўшимча касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўриляпти. 25 та маҳалладан 158 та узоқ муддатга четга ишга кетган аёллар аниқланган. Уларни оиласи бағрига қайтариш ва иш билан таъминлаш, уй-жой муаммоларини ҳал этишга доир чора-тадбирларни кўриб чиқяпмиз.
Оилалар, эр-хотинлар ёки оиланинг бошқа аъзолари ўз муаммоларини яшириш, уларни ошкор қилмасликка ҳаракат қилади ёхуд давлат органларига нисбатан ишонч йўқлиги сабабли уларга мурожаат қилишдан тийилади. Бу эса кичик муаммоларнинг катталашишига, оқибатда оилавий зиддиятлар ва низоларнинг вужудга келишига, натижада – эр-хотиннинг ажрашишига олиб келади.
Нилуфар Ғафурова,
Гулистон туман ҳоким ўринбосари -
Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.