Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қуйичирчиқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Ойдинобод” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Ш.Г. фуқаролар мазкур маҳаллада яшамаса-да, уларни банкка тақдим этилган тавсияномада “Ойдинобод” МФЙ ҳудудида яшовчилар сифатида кўрсатгани аниқланган.
Шундан сўнг ушбу фуқароларга жами 130,2 млн сўм имтиёзли кредит ажратилган ва маблағлар ҳоким ёрдамчиси томонидан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.