Йиғилишда сайлов регламенти бўйича икки масала кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 22-моддасига биноан, округ сайлов комиссияси ваколати доирасида сайлов участкалари тузиш ва сайлов комиссияси қошида Матбуот маркази ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Комиссия йиғилишида сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан 3 та шаҳар ва 8 та туман ҳокимликлари ҳамда тегишли ҳарбий қисмларнинг тақдимномалари кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5- Навоий сайлов округи ҳудудида 411 та сайлов участкалари тузиш бўйича қарор қабул қилинди. Сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегаралари, манзиллари кўрсатилган рўйхати ҳам тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга ошириши белгиланган. Шунга кўра, 5- Навоий округ сайлов комиссияси қошида Матбуот маркази ташкил қилинди ва унинг раҳбари ҳамда аъзолари тасдиқланди, деб хабар беради Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.