Президентимиз Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан йўллаган табригида эътироф этилганидек, “Шу файзли кунларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз эзгу ният билан қадрдон даласига йўл олмоқда.

Келинглар, бободеҳқонларимизни янги меҳнат мавсуми билан қутлаб, ҳосилларимиз мўл бўлсин, ризқу насибамиз зиёда бўлсин, деб дуо қилайлик.”

Элнинг дуоси доимо ижобат бўлиб келган. Қолаверса, кейинги кунлардаги оби ҳаво деҳқону чорвадор учун йил яхши келишидан далолат беряпти. Айниқса, Наврўз айёми арафасида ёққан ёмғирлар дашту далаларда ер очаётган, ризқ-рўз сочаётган деҳқону фермерларни мамнун этди.

Дунёда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бугунги вазиятда юртимиз ички бозорини тўлиқ таъминлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кўпайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиляпти, уларнинг эзгу-мақсадлари рағбатлантириляпти. Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги “Истиқболли Элёр Чимқўрғон” фермер хўжалигининг айни кунлардаги фаолияти бунга яққол мисол бўла олади.

Тупроқ ҳиди

Чўл ҳавосининг авзойи кун бўйи очилмади. Майдалаб ёға бошлаган ёмғир кеч киргач зўрая борди. Ўктам трактори ойнаартгичига тобора қаттиқ урилаётган ёмғир ёғишини радиодан таралаётган мусиқага ҳамоҳанглигини кўнглидан ўтказди.

Бу яйдоқ чўлнинг ҳосилию даромади,  шу ерликлар тили билан айтганда, осмонга қараб қолган. Агар кўклам яхши келса, яъни ёмғирли бўлса, дўппингни осмонга қанча отсанг ҳам камлик қилади. Аввалги йили баҳор шундай келди. Етимтоғ этаклари одамнинг белига етгулик ўт-ўланлар билан қопланди. Чўпоннинг ҳам, деҳқоннинг ҳам пичоғи мойга ботди. Ҳозирги кунда ҳам ернинг жон томирига етиб борадиган ана шундай ёмғир ёҳаяпти.

Кўкламнинг ҳар куни йилга татийди. Бир дам ҳам ғанимат. Нурота тизма тоғларининг бир ўркачи бўлган Етимтоғ этаклари Айдаркўл қирғоқларига туташиб кетган. Унинг ён бағирларида чорак аср аввал деҳқончилик қилинган, сара узумлар етиштирилган. Лекин сув таъминоти, мелиорация ишларидаги муаммолар охир-оқибат ерларни ишдан чиқариб юборди. Тоғ этакларидаги юзлаб гектар майдонлар яйдоқ чўлга, пода боқиладиган даштга айланиб қолган.

Шу йилдан бу ерлар манзараси тубдан ўзгаряпти. Бундан ҳафта аввал Ўктам Абдуллаевни “Истиқболли Элёр Чимқўрғон” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Элдор Абдуғаниев чақириб қолди. Элдорнинг отаси, яқинда пенсияга чиққан бўлишига қарамай, ҳануз изланиш ва янгиликни жорий қилишда камарбаста бўлиб келаётган Мирзаали Ашуров билан биргаликда янги режанинг маслаҳати бўлди. Етимтоғ этагида фермер хўжалигига қарашли 40 гектар ерда узум етиштиришга қарор қилинибди. Шу майдонни шудгорлаш керак. Ерларнинг ҳолати ўрганилган. Қаттиқ тупроқли бўлгани учун у бошқараётган, “New Holland T6070” тракторида эртадан ишни бошлашга келишилди. Плуглар янги ва керакли чуқурликда ерни ҳайдай олади. Куну тун ишлаб, шудгорни  қисқа фурсатда тугаллаш зарур. Бунда унга ҳамкасби Озод Ҳамроев ёрдам беради, яъни алмашиб ишлашади.

Мана далани ҳайдаш ишлари охирига етяпти. Лекин ўт-ўланларга қоришиқ ернинг ҳиди унинг димоғидан кетмайди. Чунки, чорак асрдан буён бўзга айланиб кетган майдонлар ағдарилиши билан таралган тупроқ уфори дилни яйратиб юборади. Тез орада бу ерларга ток қаламчалари экилади, қазилган тик қудуқлар орқали томчилатиб суғориш технологияси асосида парваришланади. Тажрибадан маълум, тоғ ён бағирларидаги узум ҳосили эрта етилади ва яхши майиз беради. Балки орадан уч-тўрт йил ўтиб ҳосили Америкага ҳам экспорт қилиниб, ундан ушбу тракторни яратганлар ҳам татиб кўрса ажаб эмас. 

Ўктам хаёлига келган ўйдан мамнун жилмайиб қўйди-да, насиб этса, ҳаммаси бўлади, дея кўнглига туйди. Чунки бундан беш-олти йил олдин хўжаликда етиштириладиган қовунлар европаликлар дастурхонига етиб боради, деса кўпчилик ишонмасди.

Уч йил бурун “New Holland T6070” тракторини ҳайдаш ҳам Ўктам учун орзу эди. Мирзаали Ашуров унга харид қилинган трактор калитини тутқазганда, қанчалик қувонгани, қалби ғурурга тўлгани ҳалигача эсидан чиқмайди. Аслида хўжаликда ҳайдов, ишлов ва ўрим-йиғимда ишлатиладиган, ҳатто хашак ўриш ва пресслаш техникалари дейсизми, ҳаммасидан бор. Уларни бошқаришни миридан сиригача яхши билади. Лекин “New Holland”дек кучли ва ўта замонавий тракторни бошқариш бошқача-да. Энг муҳими, ишдаги унум ва сифатдан кўнглингиз яйрайди.

Чўлнинг ойдин чироқлари

Мирзаалини раҳматли акаси Иброҳим чўлга етаклаб келганида ёш йигитча эди. Унинг қаватида деҳқончилик ҳам, ҳисобчилик ҳам қилди, чорвачилик фермасига бош ҳам бўлди. Бу ерларнинг нони қаттиқлигини яхши билади. 2005 йилга келиб унинг ўзи фермер хўжалигига асос солди. Кейин у ўғлининг номи билан “Истиқболли Элёр Чимқўрғон” деб аталди. Кўп йиллар давомида пахта ва ғалла етиштириш бўйича режаларни ортиғи билан бажариб келди. Қора қозонни қайнатиш мумкин-ку, лекин меҳнатга яраша даромад кам эди.

Излаган имкон топади, деганлари рост гап. Чорва молларини парваришлашга ўтиб, улар бош сони орта бошлагандан кейин маҳсулотни сотиш муаммоси кўндаланг бўлди. Бундан ўн йил муқаддам эски хўжаликнинг қаровсиз ётган биносини сотиб олиб, сутни қайта ишлаш корхонани ишга туширгандан кейин бу муаммо ўз ечимини топа бошлади. Мана, бугун фермер хўжалигининг 100 бошдан зиёд қорамоли ва 600 бошга яқин қўй-қўзиси бор. Сут қайта ишланиб, сариёғ, қатиқ, бринза каби маҳсулотлар қадоқланган ҳолда Пахтакор, Боғдон шаҳарчалари ва Лолазордаги дўконларга етказиб бериляпти.

Бундан тўрт йил олдин фермер хўжалигининг пахта ва ғалла экиб келинган юз саксон гектар ери янги иншоот қурилишига берилди ва унинг ўрнига Етимтоғ этакларидан етарли майдонлар ажратилди. Юқорида қайд этилганидек, ишдан чиқиб кетган ва суғориш тизими бўлмаган даштда деҳқончилик қилишнинг ўзи бўлмайди. Шу боис ерлардан самарали фойдаланишнинг янги тизимини ишлаб чиқди.

Унга кўра, юз гектардан ортиқ майдонни суғориш учун ўн километрга яқин электр тармоғини тортиш ва 13 та тик қудуқ қазиш зарур бўлади. Бунинг учун ўз маблағлари, банкдан олинадиган имтиёзли кредит ва субсидиялар ҳисобига симёғочлар ва 5 та трансформатор ўрнатишга тўғри келади. Бунда уларга давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ бўйича ҳар 35 гектар майдонга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилиши белгиланганлиги жуда қўл келади.

Фермер хўжалигининг бу йўналишда бажарган ишлари ўз самарасини бера бошлади, режадаги тадбирлар ҳам бирин-кетин амалга ошяпти. Айни кунларда Етимтоғнинг Айдаркўл томонларига ўтсангиз, тунда порлаб турган чироқлар диққатингизни тортади. Улар, энг аввало, ишчи-мутахассислар дам оладиган бинони ва учта иссиқхонани ёритиб турибди.

Қовуннинг ўзи 600 миллион долларллик даромад келтиради

Бу йил 60 гектар ерда қовун етиштириш мўлжалланмоқда. Бир гектар майдонга 7 мингта ниҳол қадалиши ҳисобга олинса, умуман олганда, 420 минг дона уруғга эҳтиёж борлиги аён бўлади. Демак, ҳозирги кунда иссиқхоналарда ана шунча миқдордаги уруғ стаканчаларда парваришланяпти. Уларни ўстириш жуда нозик, гўдак мисол эътиборни талаб этади. Бунда ҳар бир жараён муҳим. Энг аввало, пахта тозалаш корхоналари чиқитидан ҳосил қилинган чириндилар кичик стаканчаларга жойланиб, ичига уруғ қадалади. Тез ва дуркун униши учун 20 кун давомида иссиқхона шароитида парваришланади. Шундан кейин далага ва яна плёнка остига ўтказилади. Ҳаво қизий бошлаши билан агротехник тадбирларга эътибор оширилади. Қарабсизки, май ойи охирига келиб қовун пишиб турибди.

— Ҳозирги пайтда биз учун энг мақбул йўл шу, — дейди Мирзаали Ашуров. — Авваллари маҳаллий қовун экардик. Лекин улар узоқ йўлга унчалик чидаш бермади. Кейинги пайтда ўзимизнинг “Оқ уруғ” билан бир қаторда хорижнинг “Дакара”, “Мазаин” навларини экяпмиз. Қадоқлашда маҳсулотнинг ўлчами асосий ўрин тутади. Шу боис, Европа бозорини ўйлаб, таъми ўзимизникидай тилни ёрадиган бўлмаса-да, хориж навларини экяпмиз. Даромад ёмон бўлмаяпти. 2019 йили 200 000, 2020 йили 400 000 АҚШ доллари миқдорида қовун экспорт қилдик. Бу йилги мўлжал – 600 000 доллар. Насиб этса, Қозоғистон, Россия, Беларусь ва Польша бозорларига етиб боради. Яна бир томони, камида олтмиш киши иш билан таъминланади.

Ғўза билан кунжут қўшиб экилганда...

 “Истиқболли Элёр Чимқўрғон” фермер хўжалиги кўп тармоқли. 20 гектар майдонда ғалла ва шунча ерда пахта етиштиради. Ўтган йили бу ерда янги тажриба синовдан ўтказилди. 5 гектар майдонда чигит кунжут уруғи билан қўшиб экилди.

— Бунинг учун чигит сувда намланади ва унинг устига кунжут уруғи сепилади, — дейди Элдор Абдуғаниев. — Сеялкада иккаласи биргаликда ерга қадалади. Униб чиқишдаги қалинлигига қараб, ягана қилинади. Ғўза қандай парваришланса, у ҳам шундан озиқланади. Июль ой охирларига келиб, кунжут қўлда йиғиб олинади. Ўтган йили гектарига 500 килограммдан ҳосил берди. Ҳар бир килоси бозорда 12 минг сўмдан туради. Бу — гектар бошига олти миллион сўм фойда берди, дегани. Бу йилги мавсумда ғўза билан кунжут қўшиб парваришланадиган майдонларни 10 гектарга етказмоқчимиз. 

Кунжут бир йиллик ўсимлик бўлиб, бўйи 60-120 сантиметрга етади. Уруғи таркибида 55-68 фоизгача мой, 16-22 фоиз оқсил ва 18 фоиз эрийдиган углевод бор. Унинг мойи озиқ-овқат саноатида ва упа-элик ишлаб чиқаришда муҳим хомашё ҳисобланади. Унинг шифобахш хусусиятлари ҳам талайгина. Абу Али ибн Сино кунжут уруғи ва мойи ёрдамида қон қуйилган аъзолар, шишлар ва астма хасталикларини даволаган.

Оқ донли кунжут уруғларидан юқори сифатли ҳолва, парфюмерия воситалари ва турли ширинликлар тайёрланади. Дунё саноатида ўсимлик консерва, кондитер, тиббиётда дори-дармон ишлаб чиқаришда, юртимизда эса, айниқса, нон ва нон маҳсулотлари тайёрлашда кенг ишлатилади.

Саховатли ишлар мукофоти

Зафаробод туманидаги “Лолазор” маҳалла фуқаролар йиғини ўтган йилдан бошлаб ўз тарихининг янги саҳифаларини оча бошлади. Давлат дастурига кирган маҳалла қурилиш-таъмирлаш ишлари туфайли файзли масканга айланди. Бу жараёнга тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келяпти.

“Истиқболли Элёр Чимқўрғон” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Элдор Абдуғаниев ўттиз икки ёшни қоралаб қолди. У ҳам тенгқурлари каби спортни, айниқса, футболни яхши кўради. Лекин бунинг учун имконият йўқ эди. Шунинг учун маҳалла марказидаги бўш турган жойда замонавий кичик футбол майдончаси қурилишига бош-қош бўлди. Айни кунда бу ерда тўп тепаётган болаларнинг шодон қийқириқлари тинмайди.

Илгари хўжалик идораси бўлган, кейинчалик ташландиқ ҳолга келиб қолган бино аукционда сотиб олиниб, тубдан таъмирланди ва “Ёшлар меҳнат гузари”га айлантирилди. 16 та тикув машинаси харид қилиниб, тикувчилик цехи очилди. Унинг ёнида бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари иш юритяпти.

— Яқин кунларда хусусий мактабгача таълим муассасасини очиш ниятидамиз, - дейди Элдор Абдуғаниев. — Бунинг учун биномиз бор. Ҳозир уни замонавий жиҳозлаш устида ишлаяпмиз. Унда юзга яқин болакайнинг тарбияланиши учун шарт-шароит яратилади.

Юртимиздаги кўпгина тадбиркорлик субъектлари каби ушбу фермер хўжалиги ҳам пандемия авж олган паллаларда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этди. Бу борадаги эзгу ишлар Наврўзи олам кунлариҳам давом эттиряпти.

Деҳқону фермер бу ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади. Наврўз кунларидаги эзгу дуолар эса, уларнинг янги мақсад-марраларига қанот беради. Зеро,  Ҳазрат Навоий бобомиз айтганларидек, “Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин...”

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири