Ҳар қандай жамиятни қудратли, миллатни эса улуғ қилувчи куч илм-фан, таълим-тарбиядир. Бугунги кунда олий таълим соҳасида асосий эътибор, аввало, талабаликка қабул қилиш қамровини янада кенгайтириш, жаҳон стандартларига мос кадрларни тайёрлаш, институт ва университетлар имкониятларини ошириш ҳамда профессор-ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.

Юртимизда таълим соҳасини тубдан янгилаш, халқаро стандартларга интеграциялаш, шунингдек, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган юксак салоҳиятга эга мутахассис к адрларни тайёрлаш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар алоҳида аҳамиятга эга.

Шу йил 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий ўқув юртларида таълим ва бошқариш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Тизимдаги раҳбарларга барча куч ва ресурсларни асосан тўртта долзарб вазифага қаратиш юзасидан кўрсатмалар берилди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети кенгаши, факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар иштирокида видеоселекторда қайд этилган масалалар ҳар томонлама муҳокама қилинди. Олдимизга жуда катта марраларни қўйдик.

Биринчидан, мавжуд кафедраларнинг барча йўналишлар бўйича фаолияти танқидий нуқтаи назардан ўрганилмоқда. Ҳар бир кафедранинг таркибий тузилиши, айниқса, кафедра мудирларининг компетенциясига алоҳида урғу берилмоқда. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш, замонавий менежмент талаблари асосида ташкил этиш, илмий фаолият ҳисобидан келиб тушадиган маблағларни шу йил охирига қадар 10 миллиард сўмга етказишни ўз олдимизга вазифа сифатида белгилаб олдик.

Иккинчидан, таълим жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш ҳамда талабаларнинг мустақил фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан муайян ишлар режалаштирилди. Жумладан, талабаларни қаерга ишга юбориш, бунинг учун кадрлар буюртмачилари билан ўн йиллик шартномага эга бўлиш кераклиги вазифаси қўйилди. Мазкур вазифани бажариш учун, аввало, талабаларнинг амалиёти, ўқув дастури, амалиёт объектлари билан тузиладиган ҳамкорлик шартномаларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда. Ўқув дастурларида амалиётга ажратилган соатларни ошириш, талабаларнинг келгусида иш билан таъминланишини назарда тутувчи, университет ва ишлаб чиқариш корхоналари учун ўзаро тенг манфаат келтирувчи механизмлар яратиш талаб этилмоқда. Мана шундай корхоналар билан стратегик шартномаларни амалга оширишда, энг аввало, мазкур масалалар ечимини диққатимиз марказида тутишимиз зарур. Бунинг учун кафедралар муайян соҳа бўйича ҳудудда ҳақиқий локомотив сифатида ўзини кўрсата олиши, кафедраларда моҳир услубиятчилар фаолият олиб бориши зарур.

Учинчидан, университет ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот фаолияти бўйича кафедраларнинг ҳар бири камида иккита нуфузли чет эл олий таълим муассасасининг кафедралари билан ҳамкорлик ўрнатиши бўйича иш олиб борилмоқда. Ҳар йили кафедралардан камида бир нафар профессор-ўқитувчини чет элда малака оширишга юбориш юзасидан тавсиялар берилди. Кафедраларда халқаро базалардан маълумот олиш, Scopus, Web of Science, Elsevier, Springer базаларидан фойдаланиш юзасидан жиддий қадамлар қўйилмоқда.

Тўртинчидан, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни бартараф этиш вазифасидан келиб чиқиб, соҳани рақамлаштириш ишлари қайта кўриб чиқилмоқда. Илмий-тадқиқотлардаги плагиатлик билан боғлиқ ҳолатларни аниқловчи фирмалар билан шартномалар тузиш юзасидан амалий ишлар йўлга қўйилмоқда. Университетда ўқув, илмий, маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ишлар натижаларини ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиш юзасидан янги вазифалар белгилаб олинди. Ҳозир муассасамизда олиб борилаётган ишларни ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш бўйича университетнинг расмий веб-сайтига журналистика кафедрасининг тажрибали профессор-ўқитувчилари масъул этиб бириктирилган.

Олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув юзасидан мустақил қарор қабул қилиш ваколатининг берилиши муаммолар ечимига қаратилган энг тўғри йўл ҳисобланади. чунки бундан кейин ўқув режалари ва адабиётлар, ўқув дастурларини тайёрлаш, профессорўқитувчиларнинг ўқув юкламалари ҳамда таълим шаклларини белгилаш масаласини олий таълим муассасаси бошқарув кенгаши ҳал қилади.

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти масаласига алоҳида эътибор қаратилар экан, бу йўналишда кейинги йилдан докторантурага квоталар сонини икки бараварга ошириш, ундан кейинги йилларда ҳар йили 50 фоизга ошириб бориш назарда тутилмоқда. Бунинг учун ҳар йили бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм, ҳар бир тармоқ ўз соҳасига тегишли олий ўқув юртларига докторантлар квоталари учун яна 100 миллиард сўм ажратиши мамлакатимиз илм-фанининг янада ривожланиши  йўлидаги ишончли қадам бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, олий таълим мамлакатнинг эртанги кунини белгилаб берадиган, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини ривожлантиришда ҳал қилувчи вазифани бажарувчи асосий омил ҳисобланади. Жамиятда олий маълумотга эга, салоҳиятли мутахассислар қанча кўп бўлса, тараққиёт шунчалик тез ва самарадор бўлади. Таълим сифати ошса, ҳар бир соҳада ўзгариш, тараққиёт кузатилади.