Юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг деярли 90 фоизи қазиб олинадиган углеводородлар (86% - газ, 4% - кўмир ва мазут) ҳисобига ишлаб чиқарилади. Ресурсларни истеъмол қилишнинг ҳозирги тенденциялари ва ҳажмлари сақланиб қолган тақдирда, Ўзбекистонда қазилма углеводород захиралари кейинги 20-30 йилга етади. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларига бўлган талаб ортиб бораверади.
Водород – энг кенг тарқалган элемент саналиб, унинг ёнишидан катта миқдорда энергия ҳосил бўлади. Энг муҳими, бу жараёнда зарарли газлар ажралиб чиқмайди, фақат тоза сув ҳосил бўлади. Инсоният водород энергетикасининг афзалликларини анча олдин англаб етган, бироқ йирик саноат кўламида ундан ёқилғи сифатида фойдаланиш йўлга қўйилмаган. Элементнинг ер юзида тоза ҳолда учрамаслиги бунинг асосий сабаби саналади. Кимёвий бирикмалардан ажратиб олинган водород эса қазилма углеводородлардан анча қиммат.
Инновацион ривожланиш вазирлиги водород энергетикаси технологиялари соҳасини ривожлантириш мақсадида соҳада фаолият юритаётган ёш олим ва мутахасиссларнинг хорижнинг етакчи илмий муассасаларида стажировка юбормоқда. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқларида “яшил” водород технологияларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тажриба-синов қурилмаларини барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. 2022 йил 25 майда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Водород энергетикаси технологиялари соҳасида водородни олиш, сақлаш ва ташиш технологияларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари дастури” ишлаб чиқилган.
Дастурга кўра, қуёшнинг мужассамлашган ёруғлик оқимининг иссиқлиги таъсирида ва катализаторлар ёрдамида водород олиш технологияси яратилади ва унинг асосида 1700 0Сгача хароратда термокимёвий усулда водород олиш қурилмасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, маҳаллий хомашёдан сувни электролиз усулида парчалаб, водород газини ажратиб олиш жараёнида қўлланиладиган катализатор турлари яратилади.
Олимлар водород газини сақлашга мўлжалланган маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда металгидридлар намуналари яратилади ҳамда уларда сақланаётган водородни ажратиб олиш ва қўллаш технологиясини ҳам ишлаб чиқмоқда. Аммиак ва водородли ёқилғи элементларидан фойдаланган ҳолда водород газида харакатланувчи транспорт воситаси ҳамда “Яшил” водород ёқилғисидан иссиқлик ва электр энергиясини олишга мўлжалланган қурилманинг тажриба намунасини ишлаб чиқиш эса, соҳа изланувчилари томонидан амалга оширилаётган энг қизиқарли лойиҳалардан бири саналади.
Диёра ЭШОНҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ талабаси