Бу эса янги Ўзбекистоннинг уйғониш даври - Учинчи Ренессансга қўйган илк қадамларидандир.
Олимпиада. Жорий йилнинг 28 июль - 10 август кунлари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-бутунжаҳон шахмат олимпиадасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган шахмат жамоамиз вакиллари Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Яқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидовлар олтин медални қўлга киритиши Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларидан бири бўлди десак муболаға бўлмайди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон жамоаси вакилларининг бирор марта ҳам мағлубиятга учрамагани барча юртдошларимиз ғурурига ғурур қўшди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Олимпиада чемпиони” - деган юксак шарафга сазовор бўлган шахмат терма жамоамизга табрик йўллаб: - “Ўзбек шахмат мактабининг шон-шуҳратини юксак босқичга олиб чиқдингиз. Сизлар каби азму-шижоатли, ватанпарвар ёшлар энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан” - дея таъкидлади. Ва шу куниёқ, 10 августда Олимпиада чемпиони бўлган ёшларимизни “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан мукофотлаш тўғрсидаги Президент фармонга имзо чекди. Албатта, бундай юксак шон-шараф, юртимизда спортнинг бошқа турлари қатори шахматнинг ҳам оммавий спорт турига айланиб бораётганлигини тасдиқлаб турибди.
Шахмат. Маълумки, шахмат спорт турида 64 та катакли тахтада 32 та фигура ёрдамида рақиб билан мусобақага киришилади. Ҳар иккала спортчи мантиқ билан ақл - заковат курашига киришади ва рақибнинг “шоҳи”ни қудратини синдиришга алал-оқибат мот қилишга интилади. Шахмат ўйини ички ҳиссиёт, драматизм ва шиддатларга бой спорт тури ҳисобланади. У миллатимиз маданиятининг ёрқин кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг узоқ тарихига эга.
Тарих. Халқимизда “Оққан дарё оқмай қолмас”, деган ҳикматли нақл бор. Спортчиларимизнинг шахмат олимпиадасида бундай нуфузли ўринни эгаллаши замирида узоқ тарихий жараён ётади.
Ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Беруний ўзининг “Ҳиндистон” асарида шахматнинг келиб чиқиши тарихини Ҳиндистондаги “Чатуранга” ўйини билан боғлайди. “Чатуранга” ўйинида тўрт киши тахтанинг тўрт томонида ўтириб, саккизтадан терилган доналар билан ўйнайди. Бу “Чатуранга” ўйини бўлиб шахматдан катта фарқ қилади, унда махсус соққа - шошқол отилади ва унинг қай ҳолатда тушиши ўйинда ким ютишини ҳал қилади. Бу ерда гарткамлик ва тасодиф кураш тақдирини белгилайди. Шунингдек, кураш рақиб доналарининг барчасини қириб ташлагунча давом этади. Кўриб турганимиздай, “Чатуранга”да ўйинчининг ақл - заковати иккинчи даражали аҳамият касб этади. Мантиқий шахматда эса икки киши тахтада қарама - қарши ўтириб шахмат доналарини мантиққа асосланиб, курашнинг кетишига қараб суради ва ўйин шоҳни “мот” қилгунча давом эттирилади.
Тарихга назар соладиган бўлсак, энг қадимги шахмат донаси милодий I-II асрларга Ўзбекистонда, VI-VII асрларда Эрон ҳамда Хитойда топилган.
Сурхандарё вилоятининг Далварзинтепа ёдгорлигидан фил суягидан ясалган 2 та шахмат донаси топилган. Уларда фил ва буқанинг ётган ҳолатидаги кўриниши акс этган. Мазкур шахмат доналари милодий I-II асрларга оид. Худди шу даврга оид, Термиз яқинидаги Айритом ёдгорлигидан ҳам шахмат фигурасининг пиёда кўринишига ўхшаш қилиб ясалган донаси топилди.
Далварзинтепа шахмат доналари бой-бадавлат оилаларга тегишли бўлган турар жойдан топилган. Абу Райҳон Беруний ўз навбатида “Ҳиндистон” асарида ҳам “Чатуранга” ўйинини олий насабли шахс - браҳман томонидан кашф этилганини қайд қилади. Демак, мантиқий шахмат ва “Чатуранга” ўйинлари дастлаб аҳолининг юқори қатлам вакиллари орасида оммалаша бошлаган.
Милодий VII-VIII асрларга оид бўлган шахмат доналари Самарқанднинг Афросиёб ва Тўсинсой яқинидаги Қўрғонтепа ёдгорликларидан топилган. Афросиёбдан жами 7 та шахмат донаси аниқланган бўлиб, улар фил суягидан ясалган. Улардан иккитаси пиёда жангчи бўлиб, ўнг қўлида қилич, чап қўлида эса қалқон ушлаган, тиззасига чўккалаган ҳолда тасвирланган. Шунингдек от, хартумли фил, юмалоқ юзли шер каби ҳайвонлар тасвирланган, шахмат доналари ҳам бор. Барча ҳайвонлар устида қуролланган жангчилар ўтирганлиги ифода қилинган. Олтинчи шахмат донасида учта отга қўшилган арава ва унинг устида иккита жангчи тасвирланган. Еттинчи шахмат донаси бошқа фигураларга нисбатан каттароқ қилиб ясалган. Учта от устида ўтирган чавандознинг чап қўлида отнинг жилови, ўнг қўлида эса мардлик ва ҳукмдорлик рамзи бўлган асо тасвирланган. Ушбу тош шахмат доскасида шоҳ вазифасини бажарган. Афросиёбдан топилган шахмат доналарини, бугунги шахмат тилида айтадиган бўлсак шоҳ, фарзин, фил, от ва пиёда жангчилар деб тасаввур қилиш мумкин.
Қўрғонтепадан топилган шахмат донасида эса фил ва унинг устида ўтирган жангчи тасвирланган. Шунингдек, Афросиёбдан X-XII асрларга оид бўлган шишадан ясалган от тасвири қайд ҳам қайд этилган. Умуман, Самарқанддандан топилган шахмат доналарида акс этилган ҳайвонларнинг тасвирлари Афросиёб, Панжикент ва Кофирқалъа деворий суратлари ва паннода учратиш мумкин. Шахмат доналарида учрайдиган руҳ эса қуш кўринишида тасвирланган бўлиб, у Фарғона вилояти ҳудудидан топилган .
Ибн Ҳавқалнинг қолдирган маълумотларига кўра, Самарқандда ривожланган ўрта асрларда ёғочдан моҳирона ясалган от, ҳўкиз, туя ва архарларнинг ҳайкаллари бўлган.
Қадим ўтмишга мурожаат қиладиган бўлсак ўрта Осиё халқлари милоддан аввалги III-II минг йилликлардан бошлаб от ҳамда аравадан фойдаланиб келишган. Отлар тез ҳаракат қилувчи жангавор, ҳарбий-тронспорт вазифасини бажарган. Шунингдек, улар ҳукмдор қудратининг рамзига ҳам айланган. Зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да Митра отлар қўшилган олтин аравада коинотда учиб юрувчи қуёш худоси сифатида таърифланади. Афросиёб шахмат доналари орасида учрайдиган отлар қўшилган ғилдиракли арава тасвири Зардуштийлик динининг моддиятдаги кўриниши сифатида изоҳлаш мумкин.
Далварзинтепа шахмат доналарида акс этган буқа тасвири бронза давридан илк ўрта асрларга қадар сопол идишлар, муҳрлар, ҳайкалчалар ва деворий суратларда кўплаб учрайди. Зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”га кўра, ер юзидаги барча жонзот, доривор ўсимлик, дарахтлар биринчи буқа аъзоларидан пайдо бўлган. Буқа сув ва суғориладиган ерларнинг ҳомийси ҳисобланган.
Ўрта асрлар манбаларида шахмат доналарида туя ҳам борлиги қайд этилган. Туя шарқ мифологиясида илоҳийлашган ҳокимият тотемларидан бири бўлган. “Авестода” Веретрагна илоҳи туя кўринишида тасвирланган. Хитой йилномаларида таъкидланишича, Бухорхудотларнинг тахтлари бир ёки икки ўркачли туя кўринишидаги таг курсига ўрнатилган. Туя тасвирлари нафақат шахмат тошларида, балки, Суғд деворий суратларида, тангаларида ва ҳунармандчилик буюмларида учратиш мумкин. Умуман олганда, Афросиёб, Далварзинтепа, Қўрғонтепадан топилган шахмат доналари Зардуштийлик дини таълимотларини ўзида акс эттирган бўлиб, у сўзсиз Ўзбекистон мантиқий шахмат ватани эканлигидан далолат беради.
Илк ўрта асрларда, Буюк Ипак йўлида жойлашган Византия, Хитой, Сосонийлар эрони ва Турк хоқонлиги каби йирик империяларнинг ижтимоий - иқтисодий, сиёсий ва савдо - сотиқ муносабатларида суғдликларнинг роли катта бўлган. Айнан шу даврда Сўғд санъати Хитой, Корея ва Японияда машҳур бўлган. Шунинг билан бирга, эҳтимол, шахматнинг ҳам Шарққа кенг тарқалишида Сўғднинг аҳамияти катта бўлган. Араблар суғдликлардан шахматни ўзлаштириб, бу ўйинни “шатранж” номи билан оммавийлаштирган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, Абулфатҳ Аҳмад ибн Сижзийнинг “Шатранж китоби”да келтирилишича, 819 йилда Хуросонда биринчи шахмат мусобақаси ўтказилгани ва унда Ўрта Осиёлик шатранжчи Абу Бакр ас-Сулий ғолиб чиққани баён этилган.
Маълумки, милодий VIII асрнинг иккинчи ярмида Араб халифалигининг таъсир доираси кенгайиб, унинг мулклари Ҳиндистондан Атлантика Океанигача, Ўрта Осиёдан Марказий Африкагача чўзилган эди. Араблар Испанияда Қордова (Қурдоба) уммавийлар сулоласига асос солди. IX-X асрларга келиб, арабларнинг таъсири остида Европада шахмат пайдо бўлиб, у оммалаша бошлаган.
800 йилда Халифа Хорун ар-Рашид (786-809)нинг замондоши бўлган Ғарбий Европадаги Франклар қироли Буюк Карл авлиё Пётр саборида императорлик тожини кийган. Хорун ар-Рашид ва Буюк Карл ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Халифа Хорун ар-Рашиднинг Буюк Карлга жўнатган совғалари орасида фил суягидан ясалган шахматга бағишлашга санъат асари ҳам бор эди. Баландлиги 15,5 см келадиган ушбу асарда, шахмат тошларининг барча доналари акс этган. Бош фигура фил устида тахтда ўтирган ҳукмдор (шоҳ), унинг атрофида саккизта жангчи, филнинг ёнида эса тўртта отлиқ аскарлар тасвирланган. Жангчилар қилич ва қалқон билан қуролланган.
Ўрта аср манбаларида хусусан, Ибн Арабшоҳ, Абдураззоқ Самарқандий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқаларнинг тарихий асарларида шахмат (шатранж)га оид қимматли маълумотлар учрайди. Жумладан, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида ака-ука Талханд ва Гов ўртасидаги жанг тафсилотлари уларнинг онасига шахмат ёрдамида тушунтириб берилгани баён этилган бўлса, Ибн Арабшоҳ, Амир Темур ўз ақлини чархлаш мақсадида муттасил шатранж ўйнаганлиги тўғрисида хабар беради. Амир Темур кичик шатранждан кўра, катта шатранжда ўйнашни афзал кўрган. Катта шатранж тахтасининг эни ўн бир, бўйи эса ўн хонадан иборат бўлган. Ибн Арабшоҳ кичик шатранж катта шатранжга нисбатан арзимас нарсадир, - деб ёзади. Амир Темур барча султон ва шоҳларни шахмат ўйинида енгиб уларни мот қилган. Темур ўйнаган катта шатранжда ортиқча доналар бўлиб, унинг бир томони қуйидагича изоҳланган: руҳ-пиёдаси, от-пиёдаси, даббоба-пиёдаси, илғор-пиёда, жирафа-пиёдаси, фил-пиёдаси, туя-пиёдаси, вазир-пиёдаси, фарзин-пиёдаси, пиёда-пиёдаси, руҳ, от, даббоба, илғор, жирафа, шоҳ-пиёдаси, жирафа, илғор, даббоба, от, руҳ, фил, туя, вазир, шоҳ, фарзин, туя, филдир.
Амир Темур даврида Муҳаммад ибн Ақил ал-Хайми, Зайн ал-Яздий, Алоуддин ат-Табризий ва бошқа шатранжчилар фаолият кўрсатган. Амир Темур даврида кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган.
Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида келтиришича, Зуннун Арғун шатранжга жуда берилганлигидан одамлар бир қўлда ўйнаса у икки қўли билан ўйнар экан. Шунингдек, асарда Алишер Навоий ва Биноийнинг шатранж мажлисларида иштирок этганлиги, Мир Муртознинг эса шатранжга қизиқиши шу даражада эдики, агар икки шахматчи учраб қолса бири билан шатранж ўйнаб турган, иккинчисини эса кетиб қолмаслиги учун этагидан тутиб турганлиги тўғрисида маълумотлар бор.
Буюк Алишер Навоий айтганидек:
Икки шатранж ўйнагувчи устоз
Арсан шатранжга айлаб кушод.
Икки жонибдин бўлиб оромгир,
Тўкдилар ўртада шатранжи кабир.
Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки соққа-шошқол отиб, гардкам қилиб ўйналадиган “Чатуранга” ўйинининг ватани Ҳиндистон бўлгани каби, ҳозирги кунда бутун дунёда урф бўлган 64 катакли 32 фигурали мантиқий шахматнинг туғилган жойи, ватани бизнинг юртимиз - Ўзбекистондир.
Юртимизнинг ранг-баранг маданиятининг ёрқин кўринишларидан бири бу - шахматдир. Худди шунингдек қадимда, бугун ва келажакда ўзбеклар ғурурини баланд кўтарадиган спорт турларидан бири ҳам шахматдир.
Ушбу хайрли йўлда барча чемпионларимизга куч-қудрат, омадлар тилаймиз!!!
Алишер Сандибоев,
Самарқанд археология инситути
катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.