Бу инсонлар юртнинг оҳанрабодек ўзига ром этувчи тафти, ҳавоси, кишиларининг нурли юзи, тўй ва ҳашамлари, миллий байрамларини қўмсашини Ватандан олисда яшаётганлар янада яхшироқ англайди. Шу боис, сўнгги йилларда хорижий мамлакатларда яшаётган ватандошларни ота юрт атрофида жипслаштириш, қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш мақсадида тарихий ва хайрли ташаббусга қўл урилди.
Ўзбекистон Президенти қарори билан 2021 йил 11 августда “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди. Бу қарор олис манзиллардаги ватандошлар учун чинакам тарихий ва унутилмас воқеа бўлди.
Фонднинг асосий вазифаларига ватандошлар билан доимий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, улар ташаббусларини юртимиз тараққиётига самарали йўналтириш, ўзбек тили, бой қадриятларимиз, анъаналаримизни сақлаш ва кейинги авлодларга етказиш кабилар киради.
Фонд ташкил топган кунидан ватандошлар билан дўстона мулоқот майдонини ярата бошлади. Ўтган икки йил мобайнида ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан минглаб мулоқотлар ўтказилди. 70 дан ортиқ жамоат бирлашмаси билан англашув меморандумлари имзоланди, истиқболли йўл хариталари тузилди.
Дунёнинг турли нуқталарида миллий байрамлар — Наврўз, Мустақиллик байрами тантаналари, Ўзбекистон маданияти кунлари, футбол мусобақалари, палов фестиваллари, адабиёт кечалари ўтказилди. Уларда юз минглаб ватандошлар иштирок этди. Байрамлар доирасидаги мулоқотларда юртдошларнинг ҳаяжонли фикрлари, Ватанга йўллаётган саломию миннатдорлик кайфиятини кўриш мумкин.
Т.Ниёзова, Сўғд вилояти Шукур Бурҳонов номидаги ўзбек мусиқий драма театри актёри:
— Олдинлари ойнаи жаҳон орқали Ўзбекистонда ўтказиладиган турли байрамларни ҳавас билан томоша қилар эдим. Қани энди чегаралар очилса-ю, ота юртга тез-тез борсам, деган орзу мени тинч қўймасди. Бугун худди шу байрам шукуҳини Хўжандга ватандошлар олиб келди. Ўзбекистоннинг хориждаги ватандошларга бўлган эътибори мени янада фахрлантирди. Мен хорижда туриб ҳам Ўзбекистоннинг эзгу ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрман.
К.Маҳмудова (Лондон шаҳри):
— Tower Bridge хиёбонида ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари тадбирларида иштирок этдим. Лондонда деярли 28 йилдан буён яшайман. Бу ҳаётимдаги ватандошлар бир жойга тўпланган энг биринчи ва энг катта тадбир бўлди. Биз жуда ҳам хурсандмиз. Ишонасизми, ватандошларимиз туни билан ухламай, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларимизда таассуротларини ёзиб чиқди. Маданиятимиз, қадриятларимиз, миллий ҳунармандлик намуналаримиз дунё саҳналарига олиб чиқилаётгани биз учун шараф!
С.Пардаев, Google компанияси дастурчиси (АҚШ):
— Мустақиллик кунига бағишланган шодиёналарда иштирок этганимдан бахтиёрман. Бугун мен келажагим учун аниқ мақсадимни белгилаб олдим. Яъни юртимга қайтаман, юртимга керакман, йўналишим бўйича ўз мамлакатимда янги ғояларни татбиқ этишим зарур! Машҳур компания ходими бўлсам ҳам бугунги тадбир юртимга қанчалар интиқ эканимни англатди. Хорижлик ҳамкасбларимни ҳам байрамга олиб келдим. Улар юртимизга шунчалик қизиқиб қолиб, Ўзбекистонга бориш истагини билдирди. Ахир бундай ўзига хос қадриятлари бор юртни севмай бўладими?
* * *
Жорий йил сентябрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида бир гуруҳ ватандошлар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди. Унда АҚШдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар билан бир қаторда нуфузли ташкилотларда фаолият юритаётган ватандошлар ҳам қатнашди. Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида сўзлаб берди, мамлакатимиз модернизациясига кўмаклашишда ватандошларимизда улкан салоҳият борлигига эътибор қаратди. Ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
“Биз таълим, тиббиёт, иқтисодиётда олиб бораётган янгиланишлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиши керак. Сизлардек хорижда ўқиган, йирик компанияларда ишлаб, тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар ҳам юртимизга қайтиб келиши ва бутун салоҳияти билан янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олишлари учун барча шароитни яратишимиз керак. Бугун шу ердаги ҳар бир ўзбекистонликда кучли Ватан ҳисси ва унинг ривожига ҳисса қўшиш иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Сизларни Ўзбекистонда кутиб қоламиз”, деди Президентимиз.
Учрашувда Бостон шаҳридаги “Dana Farber Cancer” институти лойиҳалари катта менежери Н.Қаҳҳорова ҳам қатнашди.
— Юртимдан анча узоқда яшасам ҳам ватанпарварман, дея оламан. Тиббиёт соҳасида долзарб муаммо ва уларнинг ечимлари бўйича жамоам билан катта лойиҳаларни амалга оширамиз, — дейди у. — Шундай манфаатли лойиҳаларни юртимда қўллаш бугунга қадар катта ниятларимдан бири бўлган. Бугун менда мамлакат раҳбари билан суҳбатда иштирок этиш, таклифларимни билдира олиш имкони бўлди. Рости, бу ҳаётим зарварақларидаги тарихий воқеа.
* * *
Бугун “Ватандошлар” жамоат фонди фаолияти давомида хориждаги ватандошлар ташаббуслари, таклифларини амалиётда қўллаш, фаол юртдошларимиз сафини янада кенгайтириш, мушкулини осон қилиш, истиқболли режалар устида тинимсиз ишлашга эътибор қаратган.
Одилжон САТТОРОВ,
“Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси