Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловдан кейинги биринчи давлат ташрифи айнан шу мамлакатга амалга оширилгани ҳам ўзаро мунособатларнинг ўзига хос ишончлилиги, давомийлиги ва истиқболли эканидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи алоҳида жиҳатлари билан ажралиб турди. Улардан бири, ҳеч шубҳасиз, икки мамлакат Президентлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолагани бўлди. Бу муҳим стратегик аҳамиятга эга келишув ҳисобланади.
Бу кенгаш мазмуни ва аҳамияти нималарда акс этади?
Биринчидан, Олий давлатлараро кенгаш янги даврда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш, мавжуд ва келажакда бўлиши мумкин бўлган муаммоларни, хавф-хатарларни аниқлаш ҳамда уларни ечиш йўлларини ишлаб чиқиш бўйича давлат раҳбарлари бевосита раҳбарлик қиладиган янги форматдаги мулоқот майдони ҳисобланади. Бундай институт дунёнинг барча ривожланган давлатларида мавжуд бўлиб, ижобий натижаларини бериб келмоқда.
Иккинчидан, охирги 30 йил давомида дунё миқёсида халқаро тартиботларнинг ўзгариб бориши натижасида вужудга келаётган янги муаммолар, янги муҳит давлатлараро дипломатик алоқаларда янгича ёндашувларни шакллантиришни талаб қилмоқда. Муҳими шундаки, олдинги халқаро тартиботларни йирик давлатлар ишлаб чиқиб, кун тартибини белгилаган бўлса, ҳозирги кунда ривожланиб келаётган ёш давлатлар ҳам бундай имкониятга эга. Шу маънода икки давлат ўртасидаги бундай кенгашнинг ташкил этилиши стратегик шерикликнинг барча имкониятларини ишга солиш ҳамда ўзаро мунособатларни уйғунлаштириш билан бир вақтда, минтақавий ва халқаро даражадаги ташаббусларни илгари суришнинг янги механизмларига асос бўлади.
Учинчидан, икки давлат ўртасидаги муносабатлар, юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва транспорт-логистика йўналишларида ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда ушбу жараёнларни чуқурлаштириш, такомиллаштириш билан бир қаторда, истиқболли жиҳатларни аниқлаш ҳамда минтақада ва жаҳонда юз бераётган жараёнларнинг бориши билан уйғунлаштириш кун тартибига айланди. Бу борада Олий давлатлараро кенгаш икки мамлакатнинг сиёсий тажрибаси, ташкилий, илмий-таҳлилий имкониятлардан фойдаланиб барча даражада очиқ ва кенг кўламли мулоқотларни олиб бориш ва зарур стратегик қарорларни ишлаб чиқишга янги шарт-шароитлар яратади.
Тўртинчидан, Олий давлатлараро кенгашда муҳокама қилинадиган стратегик масалалар минтақавий ва халқаро миқёсидаги кўп томонлама муносабатларни, жумладан, БМТ, ТДТ, МДҲ, ЕХҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама институтлар доирасида ҳам самарали мулоқотни давом эттириш ва такомиллаштиришга қулай имкон беради.
Бугунги зиддиятли, охири қандай тугаши ноаниқ бўлган халқаро вазиятда икки ва кўп томонлама алоқаларни йўлга қўйиш, манфаатларни ҳимоя қилиш ҳамда замонавий хавф-хатарларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш, бир-бирини ва икки давлатнинг худудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини яратади.
Бешинчидан, янги логистика занжирларини ривожлантириш ва инфратузилмани барпо этиш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат ҳудудлараро алоқаларининг имкониятларини фаоллаштириш, янги кооперация лойиҳалари, гуманитар алмашинувларни илгари суриш учун жойларда мунтазам мулоқотни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Олтинчидан, барча йўналиш ва жабҳалардаги битимлар, келишувлар ва шартномаларни самарали амалга ошириш учун стратегик шарт-шароитлар яратади.
Фикримизча, давлатлараро алоқалар олий даражада расмийлаштирилиши, Президентларнинг бундай форматдаги самимий учрашуви муносабатларимиз ривожланишида муҳим аҳмият касб этади. Шу маънода айтиш жоизки, Олий давлатлараро кенгаш Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг барча даражаларини ва қирраларини, шаклларини амалга оширишда сиёсий, ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий, инсоний ва ижтимоий ресурсларни жадал суръатларда сафарбар қилиш, ўзаро манфаатли натижаларга эришишнинг замонавий форматдаги сиёсий-дипломатик мулоқот шакли сифатида ҳам аҳамиятли.
Олий давлатлараро кенгашга Президентлар бошчилик қилиши эса халқаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолатида геосиёсий ва геоиқтисодий шарт-шароитларни биргаликда чуқур мушоҳада этишга ундайди. Шу билан бирга ҳамкорликда қарорлар ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишнинг янги механизмларини ишга туширади ҳамда ўзаро стратегик шерикликни чуқурлаштириш кафолати бўлиб хизмат қилади.
Сайфиддин ЖЎРАЕВ,
сиёсий фанлар доктори, профессор