Унда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари аъзолари, депутатлар, сенаторлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда 2024 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, хусусан макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция, экспорт ҳажмларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт, экология соҳаларини, шунингдек таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Муҳокамалар жараёнида 2024 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилиши устидан тизимли парламент назоратини йўлга қўйиш, бу борада Олий Мажлис палаталари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг 2023 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди.
Парламент комиссияси томонидан Давлат бюджетидан 2023 йил учун ажратилган 226 миллиард 490 миллион сўм маблағни давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, Парламент комиссияси қарорлари асосида Давлат бюджети ҳисобидан «Нуроний» жамғармасига ва Прогрессив ислоҳотлар марказига қўшимча давлат субсидияси шаклида маблағ йўналтирилган.
Бундан ташқари, Парламент комиссиясининг қарорига асосан Жамоат фонди томонидан 2023 йилда давлат грантларининг 6 та танлови ўтказилган ва 200 та лойиҳа 18 миллиард сўмга молиялаштирилган.
2023 йил давомида давлат органларининг таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қурилиш, коммунал хўжалиги, камбағалликни қисқартириш ва бандлик каби соҳаларда жамоатчилик назоратини кучайтиришга йўналтирилган буюртмалари асосида Парламент комиссияси қарорига мувофиқ Жамоат фонди томонидан 11 та ижтимоий буюртмага очиқ танловлар эълон қилинган.
Муҳокамалар чоғида соҳалар кесимида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, ўтказиладиган танловларнинг барча босқичларини рақамлаштириш орқали шаффоф ва соғлом рақобат муҳитини яратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Миср Араб Республикаси парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.