Олий суд ахборот хизматининг хабар беришича, фуқаро тезкор тарзда пастга туширилиб, унинг жисмоний ҳолати текширилди. Унга ҳеч қандай шикаст етмагани аниқланди.
Шундан сўнг у Баҳодир Исломов томонидан қабул қилиниб, мурожаати белгиланган тартибда ўрганиш учун расмийлаштирилди.
Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2020 йил 5 октябрдаги ҳукмига кўра, мазкур шахс Жиноят кодексининг 184-моддаси бўйича оқланган, бироқ 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Биринчи инстанция суди қарори юқори инстанция судлари томонидан кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.
Шунингдек, у 2025 йил 29 ноябрь куни ҳам Олий суд раиси қабулида бўлган ва унга нисбатан қабул қилинган қарорларни ўзгартириш учун асослар етарли эмаслиги маълум қилинган.
Қайд этилишича, фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, улар Олий судга белгиланган тартибда эркин мурожаат қилиш имкониятига эга.
Олий суд ахборот хизмати мурожаат қилиш учун ноодатий ёки хавфли ҳаракатларга қўл уришнинг ҳожати йўқлиги, хусусан, “дарахтга чиқиш” каби усуллар масалани ҳал этишга хизмат қилмаслиги маълум қилди.
Фуқароларга мурожаатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шаклларда амалга ошириш, ўз ҳуқуқларини қонуний йўллар орқали ҳимоя қилиш тавсия этилди.