Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дильёр Ҳакимов 18 сентябрда олий таълим сифатини таъминлаш Европа ассоциацияси (ENQA) президенти Кристофер Гролимунд билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди.
ENQA олий таълим сифатини ошириш бўйича йирик халқаро лойиҳаларни амалга оширади. Олий таълим сифатини назорат қилиш бўйича 55 та миллий агентлик, шунингдек 57 та кузатувчи агентликлар ассоциация аъзолари ҳисобланади. ENQA веб-сайти Европада олий таълим сифатини таъминлаш бўйича бебаҳо ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади. Ундан ташқари ассоциация мунтазам равишда таълим сифатини таъминлаш борасидаги ўзгаришларга бағишланган семинарлар ҳисоботи, даврий маърузалар каби материаллар бериб боради. Бу маълумотларнинг барчасига веб-сайтдан бепул эга бўлиш мумкин.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ENQA билан келгусидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Кристоф Гролимунд апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ENQAга қўшилиши ассоциацияда хурсандчилик билан қабул қилинганини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, бу европалик мутахассисларнинг тажриба ва билимларини олий таълим сифатини назорат қилишга жалб қилиш, шунингдек ассоциациянинг бошқа аъзолари билан тажриба алмашиш учун катта имконият экан.
Ундан ташқари ENQA президенти Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакилларининг ENQAга аъзо-агентликлар томонидан 14 майда ташкил этилган «2019-2020 йил таълими сифати кафолатлари натижалари» мавзусидаги халқаро онлайн муҳокамада иштироки Ўзбекистон билан ҳамкорликда муҳим воқеа эканлигини таъкидлади.
Тадбир якунида яқин вақтларда республика олий таълим тизимида сифат таъминоти масаласини муҳокама этиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон ОТМлари иштирокида видеоконференция ташкиллаштиришга келишиб олинди.