Таълим сифатини ошириш, ҳозиргидан яхшироқ бўлиши керак деган фикрга қўшилмайдиган педагоглар топилмаса керак. Замонавий ҳаёт кенгроқ ва чуқурроқ билимни ва шу билан бирга ушбу билимни бера оладиган яхши педагог ва яхши таълим муассасаларини талаб қилади. Мамлакатдаги иқтисодий ўзгаришлар давлат университетларини анъанавий фаолият билан бир қаторда маркетинг тадқиқотлари билан шуғулланишга, молиявий менежментни такомиллаштиришга, уларнинг ривожланишини стратегик режалаштиришни амалга оширишга, қўшимча касбий таълим кўламини кенгайтиришга мажбур қилмоқда. Таълим сифати тор тушунча сифатида педагогик кадрлар малакаси даражасига, ўқув-услубий жараёнининг ташкил этилишига, моддий-техника базасининг ҳолатига, интеллектуал салоҳиятга боғлиқ ҳолда бевосита таълим жараёнининг натижасидир.
Таълим сифатига қўшимча равишда таълим муассасаси битирувчиларига бўлган талаб, уларнинг муваффақияти, иш берувчиларнинг битирувчиларнинг касбий маҳоратини баҳолаши, университет ва ишлаб чиқариш муносабатлари, танқидларнинг йўқлиги ёки мавжудлиги киради. Таълимнинг замонавий ҳуқуқий асосларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, таълим сифатини таъминлаш зарурати таълим ва фан вазирлигининг вақтинчалик ислоҳоти эмас, балки узоқ муддатли давлат сиёсати ҳисобланади. Расмий ҳужжатлардаги “таълим сифати” тушунчасининг маъноси ўзгарди ва кенгайди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасида меъёрий-ҳуқуқий базасидаги ушбу тендентсиялардан сўнг, олий таълим муассасаларига қўйиладиган талаблар ҳам ўзгарди.
Сўнги пайтларда замонавий таълимда сунъий интеллект технологияларини кириб келиши эса соҳани тубдан ўзгартириб юбормоқда. Сўнги пайтларда сунъий интеллект технологияларини қўллай оладиган талабалар профессор-ўқитувчиларнинг анаънавий дарсларидан зерикиши кузатилса, сунъий интеллект технологияларини қўллай оладиган профессор-ўқитувчилар эса талабаларни фаол эмасликларидан қониқмайдилар. Бундай ҳолларда эса олий таълим ташкилотлари таълим сифатини тушириб юбормаслик мақсадида, ўқитувчиларнинг малака ошириши ва илмий-педагогик фаолиятга жалб қилиниши ва Ўқитувчиларнинг инновацион педагогик технологияларни қўллаши ҳамда Талабалар билан самарали ўзаро алоқада бўлиш кўникмаларини доимий назорат қилиб туриши лозимдир. Айнан шу вазифаларни бажаришда Тошкент давлат юридик университетида таълим сифатини доимий назорат қилиш мақсадида хар бир модуль доирасида дарслар видеокузатув орқали кузатиб борилади ва мустақил экспертлар ёрдамида модуль доирасида дарс бераётган профессор-ўқитувчиларнинг малакаси баҳоланиб борилади. Шу билан бирга, янги ишга қабул қилинган ўқитувчиларга таълим жараёнларини бошқариш, дарсларни янги замонавий инновацион технологиялар ёрдамида ташкил қилиш ҳамда талабаларнинг билим даражасини мунтазам мониторинг қилиш усуллари илғор хорижий мамлакат экспертлари иштирокида семинар-тренинг кўринишида ўргатиб борилади. Бу эса юридик соҳада кадрларни тайёрлашда шаффоф ва адолатли дарс жараёнларини ташкил этиш ва эркин таҳлил қила олиш хусусиятига эга бўлган сифатли кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, олий таълимда сифат назоратини таъминлаш учун ҳар бир йўналишда комплекс ёндашув зарур. Таълим стандартлари, профессор-ўқитувчилар сифати, инфратузилма, илмий тадқиқотлар, талабалар билимини баҳолаш ва меҳнат бозори талабларига мослашиш бу жараённинг асосий таркибий қисмларидир. Замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро тажрибадан фойдаланиш эса таълим сифатини янги босқичга олиб чиқади. Ҳар қандай таълим ташкилоти муваффақиятининг асосий омилларидан бири бу унинг фаолияти натижаларининг сифатидир. Таълим сифатини таъминлашнинг самарали усулларидан бири бу энг аввало сифатли педагог кадрларни таълим жараёнларига жалб қилиш Ҳисобланади. Юқорида келтирилган ёндашув кўплаб хорижий университетларда қўлланилади. Барча манфаатдор томонларнинг талабларига жавоб берадиган ва талаб қилинадиган сифат даражасига кадрларни етиштириш сифат менежменти тизимининг ишлаши натижасидир.
Орифхон Қаландаров,
ТДЮУ
Таълим сифатини назорат қилиш
бўлими бош мутахассиси