Олмада С, В1, В2, Р, Е, А витаминлари, калий, марганец ва темир моддалари кўп миқдорда мавжуд. С ва В витаминлари барча аъзоларда модда алмашинувини яхшилайди. Р ва Е дармондорилари организмни ёшартириб, тери ва тўқималар ҳолатини тиклайди. Калий моддаси артериал қон босимини меъёрлаштириши, тиш эмали ва суяк тўқималарини мустаҳкамлаши тадқиқотларда кўп бора ўз исботини топган. Олма таркибидаги пектин эса организмдан ортиқча холестеринни чиқариб юборишга кўмаклашади, шунингдек, қандли диабет касаллигидан узоқлаштиради. Бу модда яна юз терисининг таранг ва тиниқ бўлишини таъминлайди.

Олманинг 80 фоизи сувдан, қолган 20 фоизи фойдали витаминлардан ташкил топган. 100 г янги узилган олмада бор-йўғи 47 килокалория мавжуд. Унда ёғлар деярли йўқ. Бироқ таркиби углеводларга бой бўлгани учун тўйимлилик даражаси юқори. Шу сабабдан озишни истаганлар учун яхши озиқ бўла олади. Мамлакатимизда олма истеъмолига талаб юқори, айни пайтда расталарда мева нархи қимматлашган.

Давлат статистика қўмитасининг истеъмол нархлари кузатуви маълумотларига кўра, ноябрь ойида олманинг нархлари октябрь ойига нисбатан ўртача 4,2 % га қимматлашган.

 Йил бошидан буён олма нархлари ўртача 16 % га қимматлашган.

2021 йилнинг 7 ойида Ўзбекистон 5 та давлатга қиймати 4,2 млн. AҚШ долларига тенг бўлган 8,6 минг тонна олма экспорт қилган.