Бу ҳақда филиал матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ер шаридаги экологик муаммолар кўлами, иқлим ўзгариши, иқтисодиётдаги глобал рақобат ва табиий ресурсларнинг чекланганлиги мавжуд технологияларни янгилаш заруратини тақозо этмоқда.

Бу жараён, ўз навбатида, инновацион ғоялар орқали жамиятнинг барқарор ривожланиши учун кенг имкониятлар яратади. Инновацион технологиялар нафақат иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, балки экологик муаммоларга ечим топишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Филиалда ташкил этилган тадбирда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларни камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда инновацион экологик қурилмалар йўналишларида ишлаб чиқилган ишланмалар ва лойиҳалар тақдим этилди.

Кўргазмада тақдим этилган техник прототип ва намуна ишлар махсус комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилди. Шунингдек, “Eko_innovasion_2025” танлови ҳакамлар ҳайъати таркибида ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳам иштирок этди.

Натижада, учта йўналиш бўйича энг долзарб ва самарали деб топилган лойиҳалар муаллифларига мос равишда 6 миллион, 4 миллион ва 2 миллион сўмлик мукофотлар тақдим этилиши белгиланди.

Ғолиб лойиҳалар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар кейинроқ эълон қилинади.